Жорий йил 13-15 май кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон энергетика ҳафталиги бўлиб ўтди.
Мазкур ҳафталик доирасида ўтказилган кўргазмаларда 32 давлатдан 450 компания ўз технологиялари ва ишланмаларини тақдим қилди.
Хусусан, “Power Uzbekistan-2025” халқаро кўргазмаси давомида Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси ўзининг илғор ва энергия самарадор ечимлари билан иштирок этди. Компаниянинг кичик қувватли атом электр станциялари (ҚҚАЭС) технологияларига бағишланган махсус экспозицияси катта қизиқиш уйғотди. Кўргазманинг марказий экспонати сифатида “РИТМ-200Н” реакторига мўлжалланган ва оғирлиги 205 тонна бўлган махсус легирланган пўлат қуймасини тайёрлаш жараёни намойиш этилди.
Эътиборлиси, 13 май куни "Росатом"нинг Машинасозлик дивизиони Ўзбекистондаги ҚҚАЭС учун реактор жиҳозларини ишлаб чиқаришни бошлади. Ушбу мақсадда оғирлиги 205 тонна бўлган махсус легирланган пўлат қуймаси қуйилди. Ундан келажакдаги "РИТМ-200Н" реактори корпуси тайёрланади.
Бу реактор Жиззах вилоятида қурилиши режалаштирилган ҚҚАЭСнинг асосий қурилмаси ҳисобланади. Лойиҳага кўра, ҳар бири 55 МВт қувватдаги олтита реактор қурилиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг жами қуввати 330 МВтни ташкил этади. 2024 йилда лойиҳа бўйича дастлабки техник ишлар бошланган. 2025 йил апрелида эса станция қурилиши учун махсус қурилиш-монтаж базаси ташкил этилди.
Шунингдек, “Росатом” вакиллари форум доирасида энергетик хавфсизлик, малакали кадрлар тайёрлаш ва инклюзив ривожланиш мавзуларига бағишланган стратегик сессияларда қатнашиб, компаниянинг барқарор ечимларга асосланган ёндашувини тақдим этди.
– Глобал энергетик ўтиш даврида биз ҚҚАЭСни фақат тайёр ечим сифатида эмас, балки ишончли базавий манба ва прогноз қилиниши мумкин бўлган нархларда энергия тақдим этувчи барқарор тизим сифатида таклиф этамиз. Бу тизим маҳаллий ресурслардан самарали фойдаланиш, халқаро ҳамкорлик ва янги мутахассислар тайёрлашни ўз ичига олади. “Power Uzbekistan” майдонида нафақат бизнес алоқалар, балки барқарор энергетика келажагини шакллантирувчи узоқ муддатли ечимлар муҳокама қилинди. Бу жараён биз учун жуда муҳим ва фойдалидир,– деди “Росатом Марказий Осиё” минтақавий маркази раҳбари Алексей Дремучев.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа мамлакатнинг “яшил” энергетика сари ҳаракатида муҳим босқич ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА