Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг яқин келажаги учун муҳим вазифалар белгиланди
15:56 / 2026-01-10

Жорий йилнинг 26 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва кўп миллатли халқимизга йўллаган навбатдаги мурожаатномаси мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди.

Унда келгуси йилда юртимизни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, аҳоли турмуш сифатини ошириш, маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали мамлакатимиз қиёфасини янада обод ва гўзал қилишга қаратилган аниқ мақсад ва вазифалар, ички ҳамда ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Марказий кон бошқармаси ёшлар етакчилари Кенгаши раиси Саодат Бобоёрова мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳияти ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:

– Мазкур Мурожаатнома мазмун-моҳияти билан жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган, Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларини белгилаб берувчи дастурий ҳужжат сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Айниқса, хотин-қизлар, ёшлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани мурожаатноманинг инсонпарварлик моҳиятини янада ёрқин намоён этди. 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида хотин-қизларнинг қадр-қимматини жойига қўйиш, фарзандларимизни ҳар томонлама ҳимоя қилиш қадимдан халқимизга хос бўлган олий маънавий қадрият эканлигини таъкидлаб, бу масала ҳар бир эркак учун шаън ва ғурур масаласи бўлиб келганига алоҳида урғу берди. Бироқ бугунги кунда жамиятимизда аёллар ва болаларнинг турли зўравонликларга учраётганлиги барчамизни чуқур ўйлантириши лозим. Бу салбий ҳолатларга қонуний чек қўйиш вақти келди. Чунки бундай ҳолатлар юксак маънавият ва маърифатга эга, оилани муқаддас деб билган халқимиз табиатига мутлақо зид ҳолатдир. Айтиш жоизки, Бош қомусимизнинг 14-боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланиб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари конституция билан ҳам мустаҳкамланиб қўйилган. 

Оила жамиятнинг энг муҳим таянчи, миллатнинг анъанавий пойдеворидир. Оилада соғлом муҳит, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат қарор топмаса, жамият тараққиёти ҳақида сўз юритиш қийин. Президентимиз таъкидлаганидек, оилавий зўравонлик фақат оиланинг ички иши эмас, балки бутун жамиятга дахлдор ижтимоий муаммодир. Шу боис бундай ҳолатларга нисбатан бефарқликка йўл қўйиб бўлмайди. Ҳимояга муҳтож аёл ва болани ўз муаммоси билан ёлғиз қолдириш инсонийликка ҳам, фуқаролик бурчига ҳам тўғри келмайди. Шу боисдан мурожаатномада аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича республика миқёсида самарали, ишончли ва барқарор тизим яратиш вазифаси қўйилди. Бу борада барча давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни сафарбар этиш зарурлиги қайд этилди.

Юртбошимиз ҳар бир мурожаатларида ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтади. Бу мурожаатномада ҳам ёшлар учун келгуси йилда ҳам кенг имкониятлар яратилиши тўғрисида сўз юритилди.

Ҳар йили Ўзбекистон меҳнат бозорига бир миллионга яқин ёшлар кириб келади. Ёшларни муносиб таълим олиш, малакали касб-ҳунар эгаллаш ва иш билан таъминлаш мақсадида мамлакатимиз меҳнат бозори эндиликда мутлақо янги архитектура асосида шакллантирилмоқда.

Унга кўра, меҳнат бозори касб, малака, технология ва таълимни ўзаро уйғунлаштирувчи ягона механизм сифатида фаолият юритади. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 та техникум тўлиқ таъмирланиб, замонавий технологиялар ҳамда юқори талабга эга касбларга мос равишда жиҳозланади.

Шунингдек, Германия, Швецария, Буюк Британия, Хитой ва Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий этилган техникумлар сони 100 тага етказилади. 2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда илғор касбий маҳорат техникумлари ҳамда “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилади.

Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга 43 триллион сўм йўналтирилади. Шу билан бирга, тиббиёт тизимида касбий таълимни ривожлантириш мақсадида Германия, Швецария, АҚШ ва Япония тажрибасига асосланган таълим дастурлари жорий этилади. Натижада халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий тилларни билувчи ҳамширалар таркиби шакллантирилади.

Бугунги ёшлар – Янги Ўзбекистонни барпо этаётган авлод, кенг кўламли ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси ва давомчисидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, ёш авлод орасида ҳуқуқий онгни юксалтириш, зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар олиб бориш долзарб вазифага айланмоқда. Ёшлар ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон қадрини ҳимоя қилиш, адолат ва ҳақиқат томонида туришни ҳаётий тамойил сифатида қабул қилиши лозим.

Президентимиз мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар нафақат ҳуқуқий, балки маънавий жиҳатдан ҳам жамиятни янгилашга қаратилган. Зеро, қонунлар қанчалик мукаммал бўлмасин, агар жамиятда маънавий иммунитет, масъулият ва бефарқликка қарши қатъий позиция шаклланмаса, кутилган натижага эришиш қийин. Шу маънода, оила муқаддаслигини асраш, хотин-қизлар ва болаларни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг шахсий бурчига айланиши керак.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар изчил амалга оширилса, жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муҳит қарор топади, оилаларда соғлом маънавий муҳит мустаҳкамланади. Ёшлар эса ушбу мақсадлар йўлида фаоллик ва юксак масъулият билан ҳаракат қилиб, Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ҳамда вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда ишончли куч сифатида майдонга чиқиши шубҳасиз.

Шунингдек, мурожаатномада маҳаллани ривожлантириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилди. Айниқса, келгуси йилдан бошлаб маҳаллаларни тараққий эттиришда комплекс ёндашув жорий этилиши жойларда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни тизимли ҳал этишга қаратилган муҳим қадам сифатида эътироф этилди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туман танлаб олиниб, улардаги барча маҳаллаларда мавжуд ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал этишни кўзда тутувчи янги тизим жорий этилишини таъкидлади. Мазкур мақсадларни амалга ошириш учун барча манбалар ҳисобидан жами 8,5 триллион сўм маблағ йўналтирилиши белгилаб қўйилди.

Бугунги кунда ёшлар маҳалла ҳаётининг фаол иштирокчисига айланмоқда. Шу боис маҳаллаларни комплекс ривожлантиришга қаратилган дастурлар ёшларнинг ташаббуслари, стартап ғоялари ва ижтимоий лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам замин яратади. Биз, ёшлар, ушбу ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб, уларнинг амалга оширилишида фаол иштирок этишимиз лозим.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Президентимиз белгилаб берган мазкур стратегик вазифалар амалга оширилса, маҳалла чин маънода инсон манфаатлари таъминланадиган, тадбиркорлик ривожланган, ёшлар учун имкониятлар кенг бўлган замонавий ижтимоий маконга айланади. Бу эса Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим таянчи бўлиб хизмат қилади.

 А.Бўриев, ЎзА