Муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида олға сурилган ғоя ва ташаббуслар, режалар, яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган тараққиёт стратегияси юртимиз тарихида янги қадам бўлди.
Ушбу сиёсий-ҳуқуқий Мурожаатнома мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида туб бурилиш ясайдиган, саноат ва тоғ-кон соҳаларини янги босқичга олиб чиқадиган тарихий ҳужжат сифатида эътироф этилмоқда.
Мурожаатномада иқтисодиёт, саноат, ижтимоий соҳа, инфратузилма, илм-фан ва технологик ривожланиш ҳамда бошқа йўналишлар чуқур қамраб олингани Ўзбекистон тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда тўққиз йилда эришилган натижаларнинг мантиқий давомидир. Мурожаатнома Навоий кон-металлургия комбинати жамоасига ҳам чексиз қувонч ва келгуси режаларга катта куч бағишлади.
Иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери бўлган саноатни чуқур модернизация қилиш, юқори қўшилган қиймат яратиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш масалаларини ўзида мужассам этган Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан янги саноат сиёсати яъни, Ўзбекистонни хомашё экспортчисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи, юқори технологияли саноатга эга давлатга айлантириш таклифи илгари сурилди. Шу билан бирга, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш марраси белгилаб берилди.
Мурожаатномада саноат ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган улкан лойиҳалар режалаштирилгани қайд этилди. Жумладан, 2026 йилда умумий қиймати 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилиб, келгуси йилнинг ўзида эса 14 миллиард долларлик 228 та йирик ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиши белгиланди. Бу лойиҳалар иқтисодиётнинг реал секторини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва саноатда юқори самарадорликка эришиш имконини бериши табиий.
Келгуси беш йилда саноатда яратиладиган қўшилган қийматни 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказиш, юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқлардаги маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробар ошириш аниқ стратегик мақсад сифатида белгиланди. Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, шу даврга қадар бундай улкан марраларни олиш ва кўзлаган мақсадларга эришиш орзу эди. Лекин Юртбошимизнинг қатъий жасорати ва қўллаб-қувватлаши билан илгари Ўзбекистон тарихида бўлмаган юқори натижаларга эришиш имкони яратилмоқда.
Президентимиз Мурожаатномаси саноат ва иқтисодиёт ривожини фақат рақамлар билан эмас, балки технологик янгиланиш, илм-фан ва инновациялар билан уйғун ҳолда олиб боришни назарда тутади. Бу эса узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсиш, саноат самарадорлиги ва халқ фаровонлигини оширишнинг мустаҳкам асосини яратади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу тарихий Мурожаатнома саноат, тоғ-кон ва иқтисодиёт соҳаларини жадал ривожлантириш орқали Янги Ўзбекистонни технологик жиҳатдан ривожланган, иқтисодиёти кучли ва глобал бозорларда рақобатбардош давлатга айлантиришга қаратилган аниқ ва пухта ишлаб чиқилган стратегия бўлиб, халқимиз томонидан катта ишонч ва қўллаб-қувватлаш билан қабул қилинмоқда.
Жаҳонгир Ҳасанов,
“Навоий КМК” АЖ Бош директори ўринбосари.
ЎзА