English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари, иқтисодий манфаатларини ифодалашда элчиларнинг роли муҳим
23:26 / 2024-04-05

Ўзбекистонда Эрон билан биргаликда умумий қиймати 362 миллион долларлик 46 инвестициявий ва савдо битимини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Ушбу инвестицияларнинг жалб этилиши озиқ-овқат ва қурилиш саноати корхоналарини, минтақаларнинг коммунал инфратузилмасини модернизация қилишни бошлаш, шунингдек, янги саноат корхоналарини ишга тушириш имконини берди.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонасининг бевосита кўмагида 18,8 миллион долларлик 4 та инвестиция лойиҳаси ва 14,5 миллион долларлик 15 та экспорт шартномаси муваффақиятли амалга оширилди. 

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасининг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизга умумий қиймати 4,2 миллион долларлик гепатит «C» ва «Б»га қарши 40 тонна дори воситалари бепул ёрдам тариқасида етказиб берилди.

Афғонистонга экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (756,2 миллион доллар) 100,4 миллион долларга, яъни 113,3 фоизга ошган.

Бу Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикасининг Миср, Исроил, Эрон ва Афғонистондаги элчиларининг ҳисоботларини эшитиш жараёнида қайд этилди. 

Эшитувлар жорий йил 18 январь куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида мамлакатимиз Президенти томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси устидан парламент назорати тадбирлари доирасида ташкил этилди. 

Бунда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича «йўл хариталари»да назарда тутилган инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Муҳокама давомида дипломатик миссияларнинг устувор вазифалари кўриб чиқилди. Тасдиқланган «йўл хариталари»ни амалга ошириш учун масъул вазирлик ва идоралар фаолияти натижадорлигига баҳо берилди. 

Республикамизнинг халқаро ташаббуслари ва иқтисодий манфаатларини ифодалаш, шунингдек, хорижда мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Сенаторлар Яқин Шарқда авж олган ҳарбий ҳаракатлар пайтида мамлакатимиз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни эвакуация қилиш борасида дипломатик миссиянинг салмоқли ишларини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига улар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича батафсил тавсиялар берилди ва аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА