Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг халқаро сайёҳлик бозоридаги рақобатбардошлиги мустаҳкамланади
18:37 / 2025-06-13

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида “McKinsey & Company” делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Унда вазирлик масъуллари ва делегацияси таркибидан бош ҳамкор Ермолай Солженицын, туризм ва меҳмондўстлик йўналиши бўйича ҳамкор Марго Константин ҳамда Озарбайжондаги бошқарувчи ҳамкор Мурат Гурсой иштирок этди. 

Учрашувда томонлар Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича долзарб йўналишлар ва истиқболли имкониятлар юзасидан фикр алмашди. Хусусан, хорижий сармояларни жалб этиш, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, туристик хизматлар сифатини ошириш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро сайёҳлик бозоридаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама марказида бўлди 

Вазирлик ахборот хизматига кўра, “McKinsey & Company” дунёдаги энг нуфузли ва глобал миқёсда фаолият юритувчи бошқарув консалтинг компанияларидан биридир. 1926 йилда АҚШда ташкил этилган компаниянинг бугунги кунда 130 дан ортиқ шаҳарда, 65 дан ортиқ мамлакатда офислари мавжуд. 

Компания давлат бошқаруви, иқтисодий таҳлил ва консалтинг соҳаларида кенг қамровли тажрибага эга, дунё миқёсида эътироф этилган компания ҳисобланади. У давлат муассасалари, хусусий бизнес ва ижтимоий сектор билан узвий ҳамкорлик қилиб келади. 

Мулоқот чоғида компания вакиллари ўзларининг халқаро амалиётда тўплаган билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, улар Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича стратегик ташаббусларни тайёрлаш ва жорий этишда экспертлик кўмаги кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди. 

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва туризм соҳасида барқарор шерикликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олди. 

Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА