Ўзбекистоннинг замонавий маданий ҳаёти янги даврга қадам қўймоқда. Бунда кўп асрлик меросга бўлган чуқур эҳтиром глобал интеграцияга интилиш билан уйғунлашаётганини кўришимиз мумкин. Италиялик дунёга машҳур тенор Андреа Бочеллининг Самарқанддаги афсонавий Регистон майдонида бўлиб ўтган мамлакат тарихидаги илк концерти ушбу янгиланишларнинг энг ёрқин ва рамзий воқеаларидан бири бўлди. Бу воқеа шунчаки оддий концертлардан бири эмас, айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги ролини бутун дунёга яққол намоён этган улкан ҳодиса. Энг улуғ байрамимиз арафасида бўлиб ўтган ушбу концерт мамлакатимизни глобал мулоқот ва маданий алоқалар маркази сифатида қайта тиклашга қаратилган стратегик саъй-ҳаракатларнинг навбатдаги чўққиси бўлди.
Ушбу тарихий кеча учун Регистон майдонининг саҳна сифатида танланиши чуқур рамзий маънога эга, албатта. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объекти сифатида эътироф этилган майдон икки ярим минг йилдан ортиқ вақт давомида жаҳон маданиятлари чорраҳаси бўлиб хизмат қилган. Бир пайтлар савдо йўллари туташган, олимлар ва файласуфлар фикр алмашган нуқта. Айнан шу ерда, XV асрда Шарқнинг муҳим интеллектуал марказларидан бири бўлган Улуғбек мадрасаси ва йўлбарсларнинг бетакрор тасвирлари акс этган “Шердор” мадрасаси фонида, юртимизнинг энг гўзал қадимий меросига жон бахш этилгандек, энди у тарихий экспонатдан келажакдаги ютуқлар сари руҳлантирувчи майдонга айлангандек.
Абадият садоларига йўғрилган оҳанглар
Самарқанднинг Регистон майдонида ташкил этилган концерт жаҳон юлдузлари ва миллий санъатимизнинг етакчи вакилларини бир саҳнада жамлади. Кечанинг асосий меҳмони, шубҳасиз, бутун дунёда эътироф этилган итальян қўшиқчилик анъанасининг рамзи Андреа Бочелли эди. 90 миллиондан ортиқ сотилган пластинкалар, 6 мартадан Grammy ва Latin Grammy мукофотлари ва бошқа кўплаб улкан муваффақиятлар унинг нақадар номдор санъаткор эканлигини кўрсатади.
Машҳур опера театрлари, жумладан, Ковент-Гарден, Ла Скала, Вена давлат операси ва Метрополитен-опера саҳналаридаги чиқишлари билан замонамизнинг энг машҳур опера қўшиқчиларидан бирига айланган Аида Гарифуллина кечанинг махсус меҳмони бўлди. Унинг иштироки маэстро ижросини ўзига хос тарзда тўлдирди, десак муболаға бўлмайди. Жаҳоннинг икки юлдузига Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ва мамлакатнинг етакчи хор жамоалари ҳам жўр бўлди. Бундай даражадаги санъаткорларнинг миллий истеъдодлар билан уйғунлашуви тадбирнинг ўзига хос хусусиятини юзага чиқарди, Янги Ўзбекистоннинг дунёга очиқлиги ва маданий мулоқотга тайёрлигини намойиш этди.
[gallery-25109]
Тадбирнинг акустик ва техник жиҳатлари энг юқори халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этилди. Очиқ осмон остида ўтказилган концерт томошабинларга мумтоз мусиқа дурдоналари ва машҳур асарлардан баҳраманд бўлиш лаззатини ҳадя этди.
Обрўси ва концерт майдонларига қўядиган талаблари жиҳатидан дунёнинг энг нуфузли саҳналаридагина чиқишлар қилган Бочеллининг таклиф этилиши ташкилотчилар ва концерт манзилининг ўзи ҳам ушбу даражага мос келишини англатади. Айтиш мумкинки, ушбу концерт нафақат улкан маданий воқеа, балки Ўзбекистон учун жаҳон маданий харитасида ўзига хос “сифат сертификати”га айланди.
Маданият – дипломатия сифатида
Регистон майдони каби қадимий меъморий масканларда жаҳон миқёсидаги бундай тадбирларнинг ўтиши Ўзбекистон ўзининг бой тарихий меросини замонавий маданий жараёнлар динамикаси билан уйғунлаштиришга қодир эканлигини кўрсатади. Айни вақтда, нафақат савдо, балки ғоялар, динлар ва цивилизациялар учрашган маданий чорраҳа бўлган Самарқанд қиёфасини, умуман, қадимий Ипак йўли концепциясини қайта тиклайди.
Бундай ҳодисанинг иқтисодий самараси ҳам бебаҳо. Концерт турли мамлакатлардан келган кенг аудитория эътиборини қозонди, бу эса ўз навбатида минтақада маданий туризмни ривожлантиришга хизмат қилади. Меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида мамлакатнинг йирик шаҳарларини Самарқанд билан боғлайдиган Afrosiyob поездларининг қўшимча рейслари қўйилди. Бочеллининг концерти Ўзбекистон брендига узоқ муддатли инвестиция бўлиши шубҳасиз. Маҳобатли мадрасалар фонида куйлаётган оламга машҳур тенор акс этган фотосуратлар ва видеолар бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар тасаввурида нафақат қадимий хазиналарни сақлайдиган, балки замонавий дунёга фаол интеграциялашаётган мамлакатнинг янги қиёфасини гавдалантиради.
Яна бир жиҳатни қайд этиш лозимки, Андреа Бочелли даражасидаги жаҳон юлдузининг юртимиздаги концерти маданият соҳасидаги узоқ муддатли ва изчил давлат сиёсатисиз имконсиз бир лойиҳа бўлиб қолиб кетарди. Сўнгги йилларда Давлат раҳбари томонидан имзоланган бир нечта қарорлар, аниқ ҳуқуқий ва стратегик асоснинг яратилиши маданий ривожланиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини кўрсатади.
Ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва эътибор натижасида ўзбек санъаткорлари халқаро майдонларда ҳам муваффақият қозонмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизда "Лазги," "Бахши," "Шарқ тароналари" каби халқаро фестиваллар истеъдодларни кашф қилиш ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, маэстро Бочеллининг Ўзбекистондаги концерти маданиятни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик мақсадли ҳаракатларнинг мевасидир.
Саҳна чегараларидан ташқарига чиққан мерос
Андреа Бочеллининг Регистон майдонидаги концерти нафақат Ўзбекистоннинг маданий ҳаёти, балки жаҳон саҳнасидаги ўрни учун ҳам муҳим воқеа бўлди. Бир замонлар Буюк Ипак Йўлининг чорраҳаси бўлган замин бугунги кунда турли халқлар, маданиятлар учрашадиган ва бир-бирини бойитадиган манзилга айланаётганини яққол кўрсатди.
Ушбу мусиқий кеча Ўзбекистоннинг Париж, Вена ёки Рим каби тан олинган маданий пойтахтлар билан бир қаторда туриб, жаҳон даражасидаги тадбирларни ташкил этишга қодир эканлигини тасдиқлади. У ўзидан нафақат гўзал хотиралар ва таассуротлар қолдирди, балки Ўзбекистондаги улкан ўзгаришлар ҳақиқат эканлигини яққол намоён этди.
Лазиза Ибрагимова, ЎзА