2025 йил январь–сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг умумий импорт ҳажми 33,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,6 фоизга ошган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналарига тўғри келмоқда — 11,2 миллиард доллар ёки умумий ҳажмнинг 33,9 фоизи. Шунингдек, саноат товарлари 5,3 миллиард доллар (15,9 фоиз), кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар эса 4,1 миллиард доллар (12,3 фоиз) билан асосий ўринни эгалламоқда.

Қолган тоифалар бўйича импорт ҳажми қуйидагича:
Хизматлар — 3,6 миллиард доллар (11 %)
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар — 3,1 миллиард доллар (9,3 %)
Минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари — 2,6 миллиард доллар (7,9 %)
Турли хил тайёр буюмлар — 1,2 миллиард доллар (3,7 %)
Ноозиқ-овқат хомашё — 1,1 миллиард доллар (3,3 %)
Ҳайвон ва ўсимлик мойлари, ёғлар ва мумлар — 387,5 миллион доллар (1,2%)
Ичимликлар ва тамаки — 251 миллион доллар (0,8 %)
Бошқа товарлар — 229,7 миллион доллар (0,7 %)
Шу тариқа, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистон импортида асосий улушни юқори технологияли ускуналар, саноат маҳсулотлари ва кимёвий моддалар ташкил этгани қайд этилди.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА