Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ)нинг Анқарадаги бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотдаги вакили этиб тайинланган Шавкат Ортиқовни жамоага таништиришга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Муроджон Маджидов, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси дипломатлари, ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари ҳамда Бош котибият ходимлари иштирок этди.

ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев ўз сўзида Ўзбекистоннинг туркий дунё маданий мероси ва тарихида тутган ўрни беқиёс эканини эътироф этиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсат доирасида маданий ҳамкорлик тобора мустаҳкамланаётганини, мамлакатимиз билан қўшма маданий лойиҳалар сони ортиб бораётганини эътироф этди.
ТУРКСОЙда Ўзбекистоннинг вакили расман фаолиятини бошлаётгани келгусида ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этиб, Шавкат Ортиқовга масъулиятли вазифасида улкан муваффақият тилади.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Муроджон Маджидов ТУРКСОЙ билан ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди ва истиқболда алоқалар янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.
Маросимда сўз олган Шавкат Ортиқов Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги биринчи вакили сифатида фаолият олиб бориш унга нафақат шараф, балки улкан масъулият юклашини таъкидлаб, билдирилган юксак ишончни оқлаш йўлида бор билим ва тажрибасини ишга солишини айтиб ўтди.
Дарҳақиқат, мазкур тайинлов орқали Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги, туркий маданий макондаги иштироки янада фаоллашади. Бу нафақат юртимизнинг маданий дипломатияси имкониятларини кенгайтиради, балки туркий халқлар ўртасидаги бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА