French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари кенгайтирилади (+видео)
10:42 / 2024-01-19

Жаннатмакон юртимизнинг тўрт фаслда ҳам ҳусну тароватини сақлаб қоладиган ноёб табиати, осори-атиқалари, гўзал ҳулқли одамларининг урф-одатлари, миллий қадриятлари, файзли бозорлари миллионлаб сайёҳлар эътиборини тортиб келаётгани бор гап. Бу заминни зиёрат қилган инсон борки, яна бир бора келишни орзу қилади.

2023 йилда юртимизда 7 млн. нафардан зиёд сайёҳ ташриф буюрди ва жорий йилда бу миқдорни 10 млн. нафарга етказиш режа қилинган. Марра катта олинди ва энди ушбу мақсадга қандай эришилади? Саволларга жавоб топиш мақсадида Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси фаолияти билан яқиндан танишдик.  

– Агар буни ўтган давр билан таққосласак, пандемиядан олдинги кўрсаткичга чиқдик. Яъни, ўша пайтда 6.7 млн. сайёҳ келган бўлса, мана 2023 йил якунлари билан 7 млн. нафарга етди, - дейди Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўктам Барноев. - Агар буни таҳлил қиладиган бўлсак, Европадан, Япониядан,  Сингапур, Хитойдан келаётган сайёҳлар сони ошди. Қўшни давлатлардан келаётган туристлар 250 АҚШ доллари юртимизда қолдираётган бўлса, Европадан келаётган сайёҳлар 1100 АҚШ доллари сарфламоқда.  

Ўтган йили келаётган хорижий сайёҳлардан 2,1 млрд. АҚШ доллари миқдорида туризм хизматлари экспорти амалга оширилди. Хорижий туристларнинг қолиш муддатлари ўртача 4 кунга етди. 

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида 15 млн. нафар аҳоли юртимиз бўйлаб саёҳатга чиқди. Эътиборлиси, туризм соҳасида тадбиркорлик ривожланиб, қўшимча 183 та меҳмонхона, 215 та хостел, 356 та оилавий меҳмон уйи ишга туширилди. Умумий ҳисобда 9,5 трлн. сўмлик 508 та лойиҳа амалга оширилди. Туризм ва унга ёндош соҳаларда 70 мингта янги иш ўринлари яратилди.

Юртимизда ўтган йили 120 та туризм ва кўнгилочар маданий тадбирлар ўтказилди. Умумхалқ байрамлари муносабати билан 5 кунлик дам олиш жорий қилиниб, ҳудудларда 5 млн. нафаргача сайёҳлар ташрифи кузатилди.

Жорий йилда марра янада катта олинди. Мамлакатимизда туризм хизматлари экспортини 2,5 млрд. АҚШ долларига етказиш режа қилинмоқда. 15 та халқаро туризм ярмаркаларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилади ва 20 га яқин халқаро даражада инфо ва пресс-тур ташкил қилинади.

Ички туризмни соҳасида ҳудудлар бўйлаб 22 млн.та ташриф уюштирилади. Ижтимоий кўмак сифатида ҳар бир ҳудуддан 14 минг нафар имконияти чекланган шахслар саёҳати ташкил қилинади. 

Андижон, Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Навоий вилоятларидаги салоҳиятли қишлоқларга 10 та “туризм қишлоғи” мақоми бериш юзасидан чоралар кўрилади.

Туризм, спорт, кўнгилочар маданий йўналишда 140 та тадбир ўтказилади. Жумладан, “Хива - 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти” ва “Шаҳрисабз шаҳри - 2024 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” тадбирлари ташкил қилинади. 

Шунингдек, араб, япон, хитой, ҳинд, испан, португал, корейс, урду ва малай тилларида қўшимча 500 нафарга яқин гид-таржимонлар тайёрланади.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/lQ6mtL-3PTo" title="Oʻzbekistonning turizm imkoniyatlari kengaytiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Санжар Тошпўлатов

Аброр Содиқов

Улуғбек Тўхтаев, ЎзА