Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб
14:38 / 2023-11-01

Хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти биринчи транспорт форуми бўлиб ўтмоқда.

Тадбир доирасида “Aviation & Logistics Forum-2023" Авиация форуми ҳамда “TransLogistica Uzbekistan-2023” кўргазмаси ўтказилмоқда.  

Форумда ШҲТга аъзо давлатлар транспорт вазирлари, вазир ўринбосарлари, темир йўл маъмурияти раҳбарлари, транспорт-логистика корхоналари вакиллари иштирок этмоқда.  

Форумнинг долзарблиги ШҲТнинг 2002 йилдаги Хартиясида транспорт ва коммуникация соҳасида мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш, ташкилотга аъзо давлатларнинг транзит салоҳиятини ошириш бўйича белгиланган ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири билан боғлиқлигидадир.  

Тадбир тажриба ва билим алмашиш, шунингдек, транспорт бозорининг турли иштирокчилари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга ёрдам беради.    

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда кейинги йилларда минтақада мавжуд муқобил оптимал мультимодал транспорт йўлакларини ривожлантириш ва янгиларини яратиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. "Беларусь – Россия – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон" янги муқобил мультимодал транспорт йўлагини яратиш ташаббуси фаол илгари сурилмоқда. Бундан ташқари, айни пайтда яна бир йўналиш – “Хитой – Қозоғистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия – Европа Иттифоқи давлатлари” жанубий йўналиши бўйича юк ташишни ривожлантириш, ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.    

Янгиланган “Ўзбекистон – 2030" стратегиясида Ўзбекистон Республикасининг жаҳон транспорт-логистика тармоқларига интеграциялашувини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизимининг салоҳиятини ошириш вазифаси белгиланган.  

Жаҳонда рўй бераётган сўнгги воқеаларнинг халқаро логистикага таъсирини ҳисобга оладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини ошириш ва уни транзит “Хаб”ига айлантириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда.  

Форум доирасида халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва инфратузилмани такомиллаштиришга оид навбатдаги қадамлар белгилаб олинади.    

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар транспорт вазирларининг 12-йиғилишини ўтказишдан асосий мақсад савдо ва транспорт коммуникациялари соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашдан иборат.  

[gallery-14334]

Минтақада мавжуд ва янги транспорт йўлакларини ривожлантириш, улардан самарали фойдаланиш, янгиларини яратиш, Ўзбекистон ва хорижий шериклар ўртасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Зеро, транспорт-коммуникация соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш нафақат Ўзбекистон миллий манфаатларига, балки Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо барча мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.  

Бугунги геосиёсий шароитда барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни, ишончли таъминот занжирларини ва ШҲТ ҳудудини ва минтақалараро алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент декларацияси имзоланиши кутилмоқда.    

Шаҳноза Маматуропова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА