Президентимиз мамлакатимизда очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсат юритмоқда. Халқаро тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар ва глобал мулоқот майдонларида фаол иштирок этиш – ана шу оқилона сиёсатнинг яққол ифодаси.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Ўзбекистоннинг халқаро тинчлик механизмларига қўшилиши, энг аввало, мамлакатимиз учун ишонч, нуфуз ва барқарор ҳамкорлик эшикларини очади. Бу нафақат сиёсий жиҳатдан, балки иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда ҳам янги имкониятлар яратади.
Тинчлик – тараққиётнинг асосий шарти. Агар минтақада ва дунёда тинчлик бўлса, иқтисод ривожланади, халқлар фаровон яшайди.
Президентимиз ташқи сиёсатда ҳар доим мувозанат ва миллий манфаатларни устувор қўяди. Ҳеч бир ҳарбий блокка қўшилмаслик, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар, можароларни фақат дипломатик йўл билан ҳал этиш – бу Ўзбекистоннинг принципиал позицияси.
Ана шу ёндашув халқаро майдонда мамлакатимизни ишончли ҳамкор сифатида танитди.
Халқаро тинчлик ташаббусларида иштирок этиш Ўзбекистонга ўз овозини етказиш, глобал қарорлар муҳокамасида фаол иштирокчи бўлиш имконини беради.
Бу орқали биз ўз миллий манфаатларимизни ҳимоя қиламиз, шу билан бирга, умуминсоний қадриятларга содиқлигимизни намоён этамиз.
Сенатор сифатида ишонч билан айта оламан: давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ташқи сиёсат – бу қисқа муддатли манфаатлар эмас, балки келажак авлодлар учун барқарор ва тинч Ўзбекистонни қуришга қаратилган стратегиядир.
Биз тинчлик, мулоқот тарафдоримиз ва жаҳон ҳамжамияти билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тарафдоримиз. Шунинг учун ҳам мамлакатимиздаги тинчлик сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз.
Н.Абдураимова,
ЎзА