Ўзбекистоннинг ташқи савдо салоҳияти ортмоқда
Ҳозирда Ўзбекистон жаҳоннинг 194 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Бунда Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия ва Корея Республикаси етакчи давлатлардан ҳисобланади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 37 млрд. АҚШ долларига етган.
Ташқи савдо айланмаси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 7,7 млрд. АҚШ долларига ёки 26,3 фоизга ошган.
Маълумотга кўра, ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (6 556,8 млн АҚШ доллари), Россия (6 028,3 млн АҚШ доллари), Қозоғистон (2 210,3 млн АҚШ доллари), Туркия (1 340 млн АҚШ доллари) ва Корея Республикасида (837,1 млн АҚШ доллари) қайд этилган.
Бунда экспорт 16,9 млрд. АҚШ долларини, импорт эса 20,1 млрд. АҚШ долларини ташкил этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА