English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг соф энергиядан фойдаланиш даражаси 68,5 баллни ташкил этди
15:23 / 2024-10-25

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш контекстида аҳолининг соф энергиядан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш бўйича эришилган натижаларни баҳолади.

Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Эльвира Бикеева қуйидагиларни гапириб берди:

– Бунда биз аҳолининг соф энергиядан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш борасида эришилган натижаларни 180 мамлакатдаги ўртача кўрсаткичлар билан қиёсладик. Яъни, балл қийматларига боғлиқ равишда БРМга эришиш бўйича 3 гуруҳга бўлдик. 1-гуруҳ (юқори даража) 85 баллдан 100 баллгача, 2-гуруҳ (ўртача/мўътадил юқори даража) 56 баллдан 85 баллгача, 3-гуруҳ (паст даража) 22 баллдан 55 баллгачадир.

Таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистон 68,5 балл тўплаган ҳолда (жаҳон миқёсидаги ўртача даража – 64,2 балл) соф энергиядан фойдаланиш даражаси ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар гуруҳидан жой олди. Мамлакатимизнинг жаҳон рейтингидаги ўрни кўп жиҳатдан аҳолини электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш бўйича чора-тадбирларнинг, энергия самарадорлиги ўсишининг ҳамда энергия таъминоти тизимига киритилган инвестицияларнинг сезиларли даражада ошиши натижасидир.

Аҳолини электр энергияси билан таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилди. Сўнгги 5 йил ичида электр таъминотидаги узилишлар давомийлиги 3 баробар қисқарди. Агар 2018 йилгача электр таъминотида давомийлиги 6 ва ундан ортиқ соат бўлган узилиш ҳолатлари кузатилган бўлса, бугунги кунда узилишлар сони қисқариши билан бирга, 10 дақиқадан 2 соатгача давом этадиган қисқа муддатли ўчишлар кузатилмоқда.

2018-2023 йилларда иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги, кўп жиҳатдан қайта тикланувчи энергия манбаларини фаол ишга тушириш ҳисобига, йилига ўртача 5-6 фоизга яхшиланди. 2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий қуввати 2018 йил даражасидан 49 фоизга ошди. Сўнгги уч йил ичида соф энергия ишлаб чиқариш 1,5 баробар ошди. Ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг умумий таркибида соф энергиянинг улуши 7,1 фоиздан 9,7 фоизгача ўсди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларига оид технологияларнинг кенг спектрига ва электрлаштириш дастурларига инвестиция оқимлари сезиларли даражада ўзгарди.

Энергия таъминоти тизимига киритилган инвестициялар улуши 5,3 фоиздан (2020) 12,2 фоизга (2023), мутлақ ҳисобда эса 2,3 баробардан кўпроққа ошди. 2023 йилдаги мамлакатнинг умумий энергетика қувватини 2018 йил билан таққосласак, бу кўрсаткич 1,3 баробарни ташкил этди. Демак, мазкур омиллар ишлаб чиқариш салоҳиятининг ошишига, аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондириш имкониятлари кенгайишига хизмат қилди.

2018-2023 йилларда аҳоли томонидан электр энергияси истеъмоли мутлақ ифодада 31,2 фоизга ошган. Аҳолининг умумий истеъмол таркибидаги улуши эса 21,7 фоиздан 23 фоизга ортган.

Ўсиб бораётган аҳолини барқарор энергия билан таъминлаш ва Ўзбекистоннинг тоза энергиядан юқори даражада фойдаланиш имкониятига эга давлатлар гуруҳига қўшилиши ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда устувор аҳамият касб этмоқда.

Хулоса шуки, қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланишни янада рағбатлантириш ва энергия салоҳиятини ривожлантириш бўйича мутаносиб сиёсатни амалга ошириш муҳим вазифалардандир.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА