Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти: соҳадаги янги имкониятлар
13:56 / 2025-11-21

Шарҳ

Бой тарихи, кўп асрлик маданий мерос объектлари, тарихий ёдгорликлари, турфа ранг табиати билан дунё сайёҳларини ўзига ром этиб келадиган Ўзбекистон диёри ҳамиша хорижий сайёҳлар билан гавжум бўлади. Ҳар гал сайёҳлик мавсумларида тарихий шаҳарларимиз, кентларимиз, диққатга сазовор жойлар ва маданий ансамбллар ҳудудида дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган туристларни учратамиз. Мамлакатимизнинг мавжуд сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш юртимизнинг жаҳон саҳнидаги мавқеини янада ошириш билан бирга, иқтисодиётимизни мустаҳкамлашда ҳам алоҳида ўрин тутади.  

Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида қарийб 8,6 миллион чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Қувонарлиси, бу рақамлар йилдан-йилга ўсиб бораётгани юртимизга қизиқувчилар сафи кенгаяётганидан дарак беради.  

Бугунги кунда ташриф буюрувчи сайёҳларга қулай шарт-шароитлар яратиш, хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, янги сайёҳлик манзилларини йўлга қўйиш, умуман, туризм соҳасини янада жадаллик билан ривожлантириш энг долзарб масалалардан бири. Бу борада бир қатор ҳуқуқий асослар қабул қилиниб, муайян чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, зарур инфратузилма яратилаётгани эътиборга молик.  

Шу йил 20 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори соҳадаги амалий натижалар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Мазкур қарорда 2030 йилгача туризм соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсад-вазифалари, бир қатор чоралар белгилаб берилди. Жумладан, туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини амалдаги 3,5 фоиздан 7 фоизгача етказиш, туризм хизматлари йиллик экспорти ҳажмини 6 миллиард АҚШ долларидан ошириш мақсадлари кўзда тутилгани мазкур соҳанинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини, давлат бюджети даромадларини оширишдаги ўрнини янада кенгайтиради.  

Шунингдек, қарорда 2030 йилгача чет эллик туристларнинг йиллик сонини амалдаги 10 миллиондан 20 миллионга етказиш, шу жумладан, тўлов қобилияти юқори бўлган туристлар оқимини кўпайтириш мақсади белгилаб берилди. Бу дегани юртимизга келаётган сайёҳлар сони 2 баробарга ортади.  

Бунинг учун эса албатта, зарур чора-тадбирлар, амалий саъй-ҳаракатлар қилиниши талаб этилади. Шу мақсадда қарорда Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари ўртасидаги транспорт боғланишини яхшилаш, ички авиақатновлар сонини кўпайтириш ҳамда йўлга сарфланадиган вақтни камида 3 бараварга қисқартириш мақсади белгилаб қўйилганини алоҳида эътироф этиш лозим. Бундан ташқари, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини 2 бараварга ошириш кўзда тутилаётгани ташрифчиларнинг хоҳиш-истакларига, танловларига муносиб жавоб берадиган қулай шароит яратилишига замин бўлади.

Эътироф этиш керакки, юртимизга келадиган сайёҳларнинг асосий қисми, албатта, тарихи 2-3 минг йилликларга бориб тақаладиган, дунёга машҳур бўлган тарихий шаҳарларимизни, аждодларимиздан мерос маҳобатли обидаю ёдгорликларни бориб кўриш, зиёрат қилиш истаги билан ташриф буюради. Шундай экан, зиёратгоҳ ва муҳим объектлар ҳудудида амалий чораларни кўриш, қулай инфратузилмани яратиш долзарб.  

Бу борада 2026-2028 йилларда Самарқанд шаҳридаги энг муҳим тарихий объектларни боғловчи 6,6 км узунликдаги туристик маршрутни ташкил этиш бўйича “Самарқанднинг мерос йўли” лойиҳасини амалга ошириш белгиланди. Аҳолининг турмуш тарзи, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ва коммуникация тизимини тарихий муҳит билан уйғунлаштирган ҳолда Хива шаҳридаги Ичан-қалъа мажмуасини жаҳонда ягона бўлган иммерсив ва “ақлли” музей-шаҳарга айлантириш мақсади белгилаб берилди. Пойтахтимиз Тошкент шаҳри бўйича эса модернизм ёдгорликларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича материаллар тақдим этиш мақсади кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ушбу қарорга мувофиқ, туризмни ривожлантириш мақсадида қатор енгиллик ва имтиёзлар ҳам амалга киритилади. Хусусан, туризм соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2026 йил 1 мартдан бошлаб Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туристик стартаплар учун ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳаларга субсидиялар ажратилади. Бунда янги турдаги туризм хизматларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдордаги лойиҳалар кўзда тутилади.  

Шу билан бирга, туризм субъектлари томонидан автобус, электробус ва микроавтобуслар импорт қилинганда божхона божидан озод этилади. Қорақалпоғистонда лицензияга эга туроператорлар экстремал туризм учун 2,4 литрдан катта двигателли транспорт воситаларини импорт қилганда, божхона божи ва утилизация йиғимини фақат 25 фоиз миқдорда, 3 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконига эга бўлади. Яна бир қатор шу каби енгилликлар, имтиёзлар тақдим этилаётгани туризм ривожига, мазкур йўналишдаги субъектлар, тадбиркорлар фаолияти самарадорлигига хизмат қилади.  

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори мамлакатимизнинг мавжуд туристик салоҳиятидан унумли фойдаланиш, соҳада кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш, миллий туристик маҳсулотларимизнинг дунё бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш ҳамда юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга замин бўлади.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА