Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми иштирокчиси, АҚШ Бригама Янга университети Жошуа Рубен Кларк номли юридик мактаби вакили Доктор Эрик Женсен анжуман ҳақидаги фикрларини ЎзА ўқувчилари билан ўртоқлашди.
- Фикримча, бугунги кунда дин мавзуси ўта муҳим ва долзарб. Статистика муайян давлатнинг диний озчилик вакилларига муносабати шу мамлакат ички вазиятига бевосита таъсир этишини кўрсатмоқда.
Қайсики юртда аҳолининг ҳар қандай тоифаси ўз дини, эътиқодини эркин намоён қиларкан, одатда, ўша заминда фуқаролар ўзларини шу Ватанга дахлдор, барча жараёнларга жалб этилган ҳис этадилар. Пировардида айнан шу ҳолат миллий хавфсизлик мустаҳкамланишига хизмат қилади. Диний эътиқод эркинлиги, бу аввало, ҳукумат диний озчилик вакилларини жамиятдан ажратиб қўймаслиги, уларни таъқиб этмаслиги, бошқа юртларга кўчиб кетишга мажбур қилмаслиги билан боғлиқ.
Тўғри, замонавий дунёмиз диний экстремизм тушунчасидан бутунлай холи, дея олмаймиз. Инсонларнинг вазифаси, шундай салбий ғоялар таъсирига тушиб қолган кишиларга миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, турли йўллар билан ёрдам беришдир.
Шу ўринда айни йўналиш бўйича Ўзбекистонда сўнгги йиллар сезиларли ижобий ўзгаришлар юз берганини таъкидлаб ўтишим керак. Республика йилдан-йилга эътиқод эркинлиги сари пешвоз чиқиб боряпти. Ҳукумат дин ва эътиқод соҳасини миллий хавфсизликни қўллаб-қувватлаш масаласи билан уйғун мувофиқлаштириб боряпти.
АҚШ мазкур масалани жаҳоннинг барча мамлакатлари кесимида диққат билан кузатиб боради ва Ўзбекистон бу борада сезиларли даражада ижобий ўсишга эришганини эътироф этади, мамлакатингизнинг айни йўналишдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди. Мендек соҳада хизмат қилаётган инсонлар – мутахассислар учун бу жуда муҳим ва қувончли.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ ёзиб олди.
ЎзА