Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг сархил мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти йилдан-йилга ошиб бормоқда
15:36 / 2022-10-12

Серқуёш ўлкамизда етиштирилаётган сархил мева-сабзавотлар витаминларга бойлиги ва хушхўрлиги билан ажралиб туради. Шу боис ҳам дунё бозорида юртимиз мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёж юқори.

Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда 2 миллион 749 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинган, бу 2020 йилга нисбатан 11 фоизга кўп. 2022 йилнинг тўққиз ойи давомида эса Ўзбекистон қиймати қарийб 760,2 миллион долларга тенг бўлган 1,2 миллион тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда, 169 минг тоннага ошган.

Жорий йилда яна 10 турдаги маҳсулотлар экспорти учун фитосанитар рухсатномаларнинг олингани экспорт кўрсаткичлари янада ортишига сабаб бўлаётир. Хусусан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан қатор давлатлар билан келишувларга эришилгани натижасида бугунги кунда юртимиздан 23 та давлатга 86 турдаги, 56 давлатга барча турдаги мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилмоқда. 2022 йилда Ҳиндистонга янги узилган узум, Иорданияга олма, лимон, гилос, саримсоқ, пиёз, Перуга олхўри ва Хитойга ловия ва қуритилган мевалар экспорт қилиш учун фитосанитар рухсатномалар олинди.

Мамлакатимизнинг мева ҳамда сабзавот маҳсулотлари бўйича экспорт салоҳияти ошиб боришида қишлоқ хўжалиги соҳасида яратилаётган имконият ҳамда имтиёзлар ва албатта, юртимиз деҳқон ва фермер хўжаликларининг, ишчи-хизматчиларнинг меҳнатлари муҳим аҳамият касб этаётир.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари ва Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий асослар қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, тармоққа замонавий техника ва технологияларни жорий этиш, турли имтиёз ва қулайликлар тақдим қилиш борасида ҳал қилувчи ўрин тутмоқда.

Масалан, шу йил 6 октябрда қабул қилинган ”Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни моддий ресурслар (хизматлар) билан узлуксиз таъминлаш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, бунинг ҳисобига аҳоли даромадини, шунингдек, экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Мазкур қарорга кўра, мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 12 ой муддатга, шу жумладан, 11 ойлик имтиёзли давр билан қўшимча 300 миллиард сўм бюджет ссудаси йиллик 10 фоиз ставкада ажратилади.

— Президентимиз қарорида ички бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи деҳқон ва фермерлар, кластер ва корхоналарни моддий ресурслар ва хизматлар билан таъминлаш мақсадида қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчи корхоналарнинг барчасини “даладан — растагача” тамойили асосида жамлаб, моддий қўллаб-қувватлаш вазифалари белгилаб берилди, — дейди Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Одил Алимов. — Белгиланган 300 миллиард сўм маблағ агентлигимиз томонидан тижорат банкларига ресурс сифатида йўналтирилган ҳолда, мева, узум, картошка, сабзавот, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинлар етиштиришга уруғлик, ўғит, ёқилғи, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари етказиб бериш учун ажратилади.

Шунингдек, маҳсулотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчи корхоналарга етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини харид қилишда талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдириш учун ажратилади. Бунда маблағлар агентлик тизимидаги лойиҳа офислари ҳамда ҳоким ёрдамчилари билан ҳудудлардаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да турувчи фуқароларга кредит маблағларини ажратиб берамиз.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун кредитлар 150 миллион сўмгача гаровсиз берилади. Кредитлар бўйича фоиз тўловлари йиллик 14 фоиз миқдорида бўлиб, 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатгача ажратилади. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ажратиладиган кредит маблағларининг 50 фоизигача бўлган қисми қарз олувчи талабига асосан нақд пулда тақдим этилади. Бунинг сабаби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг жуда кўп харажатлари, масалан, транспорт харажатлари, ёлланма ишчиларнинг иш ҳақлари, бозоргача олиб бориш каби харажатларни нақд пулда амалга оширишга тўғри келгани боис уларга 50 фоизигача бўлган қисми нақд кўринишда берилади, — дейди Одил Алимов.

Мазкур қарор билан қатор мутасадди ташкилот ва идораларга 2022 йил якунига қадар қўшимча 20 минг гектар – умумий 100 минг гектар экин майдонлари, 2023 йилда 95 минг 169 гектар экин майдонлари ҳисобидан импортни қисқартириш вазифалари юклатилди. Бундан ташқари, ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини, ўғит ва ўсимликлар ҳимояси воситаларини жойларга етказиб, дала ярмаркаларини ўтказиш ҳамда экинларни ер майдонларида “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида жойлаштириш вазифалари белгиланди.

— “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳудудлар иқлими ва шароитидан келиб чиқиб, қай бир маҳсулот қайси ҳудудга тўғри келиши, қанчалик кўп ҳосил бериши тизимдаги институтлар билан ўрганилган ҳолда тавсиялар берилади, — дейди Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Одил Алимов. — Масалан, жануб ва чўл ҳудудларда асосан сабзавотларнинг эртапишар навларини жойлаштириш ишлари амалга оширилади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур қарор ижроси натижасида кутилаётган натижалар ҳам салмоқли. Жумладан, 85 минг гектар майдонга қишлоқ хўжалиги экинлари экилади. Натижада 1,8 миллион тонна маҳсулот етиштирилади. Шундан 1 миллион 212 минг тонна маҳсулот ички бозорга чиқарилса, 586 минг тоннаси ташқи бозорга экспорт қилинади.

Дарҳақиқат, бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли даромадларини оширишга, янги иш ўринларини яратиш, бозор ва дастурхонларимиз тўкинлиги ҳамда мева-сабзавотлар экспортининг ортишига хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА