Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Элчихоналар ўз фаолиятини икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида қабул қилинган “йўл хариталари”ни ижро этиш, инвестицияларни жалб қилиш, миллий маҳсулотлар экспортини ошириш, хорижий туристларнинг мамлакатимизга қизиқишини ошириш, хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби йўналишларда амалга ошираётгани қайд этилди.

Яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда дўстона ҳамкорликни йўлга қўйиш, мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспортни ошириш ва Ўзбекистоннинг халқаро имижини мустаҳкамлаш Президентимиз томонидан ташқи сиёсатимизнинг асосий мақсади этиб белгилаб берилганига эътибор қаратилди.

Кейинги йилларда Марказий Осиё тинчлик, яхши қўшничилик, шериклик ва барқарор тараққиёт минтақасига айлангани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, давлатимиз саъй-ҳаракатлари натижасида минтақада ўзаро савдо, инвестициялар, экспорт ва транспорт ташувлари ҳажми 5 бараварга кўпайган. Қўшни мамлакатлар билан қўшма инвестиция жамғармалари ташкил этиш, чегараолди ҳудудларида савдо ва саноат зоналари яратиш, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга ҳам устуворлик берилаётир.

Афғонистон ва Покистон билан йирик иқтисодий, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, халқаро транспорт ва энергетика йўлакларини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Мажлисда хорижий мамлакатларда вақтинча бўлиб турган ватандошларимизнинг, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларимизга сифатли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, хориждаги ватандошлар ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтиришни фаоллаштиришга эътибор қаратилди.
Дипломатик ваколатхоналарнинг фаолияти самарадорлигини оширишда ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш, мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ҳамда маҳаллий кенгашлар билан тўғридан-тўғри ишлашни ташкил этиш ва йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА