Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг қадим дўсти – Ҳиндистон
10:34 / 2022-03-18

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 30 йил тўлди

Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар бир неча минг йиллик тарихга бориб тақалади. Замонавий тарихда Ҳиндистон Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 26 декабрда эътироф этди. Кейинги йил 18 март куни, яъни роппа-роса 30 йил аввал икки давлат ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилгани тўғрисида битим имзоланди.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йили Ҳиндистонда ҳазрат Алишер Навоийнинг 550 йиллигига бағишланган Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари ўтказилди. Ҳурриятимизнинг бир йиллиги муносабати билан эса Деҳлида ўзбек маданияти ва санъати фестивали ташкил этилди. 1993 йил Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 510 йиллиги икки дўст давлат пойтахтларида кенг нишонланди.

Ушбу сана арафасидасиёсий фанлар доктори, Тошкент давлат Шарқшунослик университети профессори Абдусамат Ҳайдаров билан суҳбатлашдик.

– Абдусамат Аҳатович, аввало олим ва сиёсатчи ўлароқ, Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабати ҳақида умумий фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Бу икки давлатни кўп асрлик тарихий, илмий, маданий-маънавий ва савдо муносабатлари боғлаб туради. Халқларимиз маданий алоқалари уйғунлиги ҳинд халқи тарихи ҳақидаги Абу Райҳон Берунийнинг «Ҳиндистон» ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Мухтасар ёки Рисолаи Аруз» каби бебаҳо асарларда акс этган.

Ўзбекистонда ҳинд халқининг таниқли намояндалари, хусусан, Вивекананда, Мирзо Ғолиб, Робиндранат Тагор, Махатма Ганди ва бошқа шахсларни яхши билишади.

Бундай уйғунликни нафақат илмий, адабий ва халқ оғзаки ижодиёти, балки ўрта асрлардаги Ҳиндистон меъморчилигида, айниқса, Тож Маҳал ансамблида ҳам кузатиш мумкин. Маданий-маърифий алоқалар асрлар давомида шаклланиб, замонавий Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатининг барча соҳаларига сингиб кетган.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, халқларимиз ўртасида кўп томонлама яқин дўстлик ва ҳамкорликни тиклаш ва ривожлантиришда мислсиз имкониятлар очилди.

1988 йилдан Тошкентда фаолият юритиб келган Ҳиндистоннинг бош консулхонаси 1992 йил Элчихонага айлантирилди. Икки йилдан кейин эса Деҳлида Ўзбекистон элчихонаси фаолият кўрсата бошлади.

– Олий даражадаги муносабатда ҳам қўшни давлатларга нисбатан илғормиз...

– Тўғри айтасиз. Дипломатик муносабат ўрнатилгач, олий даражадаги ўзаро борди-келди анча яхшиланди.

Ўттиз йил давомида икки томонлама муносабатни ривожлантиришнинг салмоқли шартномавий-ҳуқуқий асоси яратилди. 1997 йилдан эътиборан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида минтақавий ва ташқи сиёсий масалаларда фикр алмашиш бўйича мунтазам сиёсий маслаҳатлашув ўтказиб келинади. 2011 йилда Стратегик ҳамкорлик тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинган.

– Айниқса, сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланяпти...

– Кейинги беш-олти йил мобайнида муносабатимизда салмоқли ўзгариш сезилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 30 сентябрь-1октябрь кунлари Ҳиндистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида қишлоқ хўжалиги, илм-фан, техника ва инновация, тинчлик мақсадида коинотни тадқиқ қилиш, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳаларида 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Бу стратегик ҳамкорлигимизни сифат жиҳатдан янги, янада юқори даражага олиб чиқишга замин яратди.

Икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлида давлатимиз раҳбари 2019 йил 17-18 январь кунлари халқаро “Жўшқин Гужарат-2019” инновация саммитида иштирок этди.

Бу ташрифлар натижасида Тошкентда Амити университети, Андижонда Шарда ва Жиззахда Самбхрам технологик университети филиали очилди. 2020 йил июль ойида Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Ҳиндистоннинг Гужарат университети ўртасида қўш дипломли дастурни ташкил этиш бўйича битим имзоланди. Бизнинг дорилфунун МДҲ давлатлари ичида Ҳиндистон университети билан ҳинд тили бўйича қўшма таълим дастури очган илк олий ўқув юрти бўлди.

Мамлакатимизнинг қатор илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари Ҳиндистоннинг ўндан зиёд таълим, илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари билан муносабат ўрнатиб, ҳамкорликни тобора юксалтирмоқда. Деҳли, Пуна ва Мумбай тадқиқот институтлари шулар жумласидан.

– Давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ўсиш суръатига ҳам тўхталсангиз.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосан, ўзаро савдо айирбошлашда ижобий муҳит яратилган. Мунтазам савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳукуматлараро йиғилишлари ўтказиб келинмоқда.

Ҳозирча икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ва кенгайтириш учун жанубий Осиё мамлакатларига чиқадиган тўғридан-тўғри ва хавфсиз транспорт йўли йўқ. Расмий Деҳли Ҳиндистоннинг Марказий Осиё, МДҲ ва Эрон орқали Европа мамлакатларига олиб чиқадиган “Шимол-Жануб” халқаро транспорт йўлаги лойиҳасини ниҳоясига етказишга интилмоқда.

Минтақамиздаги бошқа давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам ҳинд томони Эроннинг Чабаҳор портига чиқиши лойиҳасини қўллайди.

Икки томоннинг ҳам келгусида кўп томонлама муносабатни кенгайтиришдан манфаатдорлиги натижасида янги “Ҳиндистон-Марказий Осиё” деб номланган музокара майдони юзага келди. Шуни таъкидлаш керакки, бу майдоннинг яратилиш ғояси 2019 йил январь ойида Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари (Афғонистон ҳам иштирок этган) Ташқи ишлар вазирларининг Самарқанддаги биринчи учрашуви чоғида илгари сурилган.

Минтақа мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масаласи 2021 йил июлда Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференцияси давомида ҳам кўтарилди.

Ўтган йил 19 декабрь куни Деҳли шаҳрида Ташқи ишлар вазирларининг «Ҳиндистон-Марказий Осиё» мулоқоти доирасида кўп томонлама кооперация ва ўзаро иқтисодий ҳамжиҳатлик самарадорлигини ошириш, хусусан, Ҳиндистон билан ўзаро савдо, саноат, инвестиция ва транспорт алоқасини кенгайтириш муҳокама қилинди. Ўзбекистон тмони Ҳиндистон ва Марказий Осиё бозорларига маҳсулот етказиб бериш мақсадида «яшил йўлак» ташкил этиш таклифини киритди.

Жорий йил 27 январда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ташаббуси билан «Марказий Осиё ва Ҳиндистон» давлат раҳбарларининг биринчи саммити видеоконференция шаклида бўлиб ўтди. Йиғилишда расмий Деҳли Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қизиқаётганини билдирди.

«Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида маҳсулот ва хизматлар эркин ҳаракатланиши»га кўмаклашиш мақсадида Эроннинг Чорбаҳор портидан фойдаланишни фаоллаштиришга қаратилган қўшма ишчи гуруҳ ташкил этилиши саммитнинг яна бир муҳим натижаси сифатида намоён бўлди.

- Абдусамат ака, суҳбатимизни икки томонлама қадим маданий-маърифий алоқалардан бошлаган эдик. Бу борадаги бугунги аҳвол тўғрисида ҳам ўқувчиларимизга маълумот бериб, суҳбатимизни якунласак.

– Маъқул! Замонавий икки томонлама муносабатда маданий алоқалар ва сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик муҳим йўналишлар ҳисобланади. Тошкентдаги Ҳиндистон маданий маркази маданий-гуманитар ҳамкорлигимиз ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлаш лозим.

Кейинги пайтда ушбу Марказ ўнлаб кўргазма, фестиваллар, Ҳиндистоннинг таниқли жамоатчилик вакиллари, олимлар ва санъат аҳли билан учрашувлар ташкил этиб келмоқда.

Ҳинд санъати усталари Самарқандда ўтадиган халқаро «Шарқ тароналари» мусиқий февтивалида фаол қатнашиб келади.

2017 йил июль ойида мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси кўмагида Ҳиндистоннинг йирик олий ўқув юртларидан бири – Жамия Миллия Исламия университетида ўзбек тили ва маданияти хонаси очилди. Бу ерда ҳинд талабалари ўзбек тилини ўргана бошладилар.

Ўзбекистон делегацияси 2020 йил февралда Харьяна штатида ўтказилган «Surajkund Crafts Mela» халқаро санъат, маданият ва ҳунармандлик фестивалида қатнашди.

Хуллас, Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабати кўп асрлар аввал ота-боболаримиз томонидан қўйилган тамал тоши асосида ўзаро ишонч ва дўстлик тамойилида муваффақиятли ривожланмоқда.

Халқаро шарҳловчи

Аброр Ғуломов суҳбатлашди.