Жорий йилнинг 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республиканинг олис ҳудудларида алоқа қамровини оширишда йўлдош алоқа технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат республикада рақамли инфратузилмани жадаллик билан ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари ўртасидаги рақамли тафовутни қисқартириш, олис ҳудудларда алоқа хизматлари қамровини кенгайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган.
Қарорга мувофиқ, йўлдош алоқа технологияларини ривожлантиришнинг бир қатор устувор йўналишлари белгиланди.
Қарорда йўлдош алоқа тизимини жорий этиш ва йўлдош интернет хизматларини кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида телекоммуникациялар соҳасида лицензияланадиган фаолият турлари сифатида белгиланди.
Радиочастота ажратилиши ва радиоэлектрон воситалардан фойдаланиш учун рухсатномаларни расмийлаштириш, республика ҳудудида юридик шахс ташкил этиш ёки маҳаллий телекоммуникация операторлари билан ҳамкорлик қилиш, марказий ер станциясини мамлакат ҳудудида қуриш ва ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этиш ва фойдаланувчи маълумотларини республика ҳудудида сақлаш талаб этилади.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб 5 йил муддатга ўрта ва паст орбитали йўлдош алоқа тармоқларини Ўзбекистон ҳудудида марказий ер станцияси орқали ташкил қилиш билан боғлиқ лойиҳалар доирасида бир қатор имтиёз ва енгилликлар белгиланди.
Жумладан, телекоммуникация операторларининг йўлдош алоқа тармоқларига тегишли қурилмалар, дастурий маҳсулотлар, эҳтиёт ва бутловчи қисмларни сотиб олиш ва уларга хизматлар кўрсатиш йўлдош алоқа қурилмалари ишлаб чиқарувчилар ва (ёки) етказиб берувчилар билан тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан музокаралар асосида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали амалга оширилади.
Импорт қилинадиган қурилмалар, дастурий маҳсулотлар, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар божхона тўловларидан озод қилинади (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно).
Телекоммуникация операторлари ўрта ва паст орбитали йўлдош алоқа тармоқлари томонидан радиочастота спектридан фойдаланганлик учун тўловлардан озод қилинади.
Йўлдош алоқа тармоқлари операторлари томонидан йўлдош алоқа тизими орқали кўрсатилган хизматлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.
Марказий ер станциялари, терминаллар ва йўлдош алоқа инфратузилмасининг бошқа актив қурилмалари жойлаштирилган телекоммуникация иншоотлари ва уларнинг ер майдонлари мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод этилади.
Йўлдош алоқа тармоқлари операторлари яратилган йўлдош алоқа тизими орқали кўрсатган хизматлари учун фойда солиғидан озод қилинади.
2030 йил 31 декабргача йўлдош алоқа тармоқларига эга телекоммуникация операторларига йўлдош алоқа хизматларини жорий этиш бўйича телекоммуникациялар соҳасида лицензия олган санадан бошлаб 6 ой муддатга лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларини “fast-track” усули билан амалга оширишга рухсат берилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА