Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича тажрибаси ўрганилди
09:40 / 2023-11-16

Эстония Адлия вазирлиги жиноий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси, одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича миллий координатор А.Лепс бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.

Делегация Ўзбекистоннинг одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича тажрибасини ўрганмоқда.  

Олий Мажлис Сенатида делегация аъзолари Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси вакиллари билан учрашди.    

Конструктив ва амалий жиҳатларни қамраб олган мулоқот давомида Эстония томонига одам савдосига қарши курашиш, болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар, халқаро ташкилотлар тавсияларининг амалий ижроси ҳақида маълумот берилди.  

Эстония Адлия вазирлиги вакили болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида Ўзбекистонда кўрилаётган улкан ва самарали ишларни алоҳида таъкидлади. Ўзбекистоннинг одам савдосига қарши кураш бўйича яхши самара бераётган тажрибаси Европа давлатлари, жумладан, Болтиқбўйи мамлакатлари учун ҳам долзарб экани қайд этилди.  

Шу билан бирга, учрашувда иштирок этган БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг минтақавий вакили Р.Сиргедиене томонидан Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева раҳбарлигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг фаолияти юқори баҳоланди.  

Ўзбекистоннинг меҳнат муносабатларини ривожлантириш, одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари БМТ томонидан ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани алоҳида таъкидланди.  

Учрашув якунида томонлар қўшма давра суҳбатлари ташкил этиш ва одам савдосига қарши курашишнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш орқали икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришди.  

Н.Абдураимова, ЎзА