Ўзбекистоннинг “Наврўз” ансамбли Италияда Гран-прини қўлга киритди
Ўзбекистон давлат филармониясининг “Наврўз” ашула ва рақс ансамбли Италиянинг Агриженто шаҳрида бўлиб ўтган “Internazionale Del Folklore” 65-халқаро фестивалида иштирок этиб, Гран-прига сазовор бўлди.
Тадбирда барча қитъалардан 29 мамлакатнинг 52 жамоаси қатнашди. Қайд этиш жоиз, Марказий Осиё давлатлари мазкур анжуманда илк бор қатнашди.
“Наврўз” ансамблининг фестивалдаги иштироки мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонаси томонидан таъминланди.
Жамоамиз саҳнада ЮНЕСКО номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган “Лазги” рақсини ижро этди. Нуфузли халқаро анжуманда эришилган бу ғалаба халқимизнинг асрлар давомида шаклланган маданиятини жаҳонга танитишга қўшилган муносиб ҳиссадир.
Италиянинг “agrigentooggi.it” ва “comunicalo.it” интернет-газеталарида “Наврўз” ансамблининг фестивалдаги муваффақиятли иштирокига бағишланган мақолалар чоп этилди. Ўзбек ижрочиларининг чиқиши “Youtu.be.” канали орқали трансляция қилинди.
И.Абдумаликзода, ЎзА