Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда олиб бораётган ташаббускор сиёсати минтақани барқарор ривожланиш маконига айлантирмоқда
16:43 / 2024-10-26

Ўзбекистоннинг Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Марказий Осиёда олиб бораётган фаол ва ташаббускор сиёсати минтақани тубдан ўзгартириш, уни яхши қўшничилик, ишонч ва барқарор ривожланиш маконига айлантиришдир.

Бугунги кунда экспертлар ҳамжамиятида синчиклаб ўрганишни талаб қиладиган Марказий Осиё ҳодисаси Мирзиёев доктринаси деб номланишига асос бўлди. 

Дунёда кескинлик, қарама-қаршилик ва можаролар кучайиб бораётган бир шароитда Марказий Осиё барқарорлик ороли бўлиб қолаётир. Бундан ташқари, у барқарор ривожланиш динамикасини намоён этиб, таҳдидларни муваффақиятли енгиб ўтаётгани барқарорликни сақлашга муҳим ҳисса қўшмоқда.

Тошкентда бўлиб ўтган «Янги Марказий Осиё: глобал трансформациялар давридаги хавф-хатарлар ва имкониятлар» мавзусидаги нуфузли халқаро илмий-амалий конференцияда бу каби фикрлар бот-бот такрорланди.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Марказий Осиё халқаро институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Германиянинг Фридрих Эберт номидаги жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган конференцияда Марказий Осиё, МДҲ, Европа, Осиё, Шимолий Америка, Яқин Шарқ етакчи таҳлилий марказлари раҳбарлари ва етакчи экспертлари иштирок этди. Жами 20 мамлакатдан 40 дан зиёд хорижий делегатлар, Ўзбекистондан етакчи илмий, академик, таълим ва таҳлилий муассасалар раҳбарияти ва мутахассислари қатнашди.  

[gallery-20203]

Тадбирнинг очилишида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Янги Марказий Осиё қисқа вақт ичида ўз имижини бутунлай ижобий томонга бурган минтақа эканини алоҳида таъкидлади.

Экспертларнинг фикрича, бугунги кунда минтақадаги бешта давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиё ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳудудига айланди. 

Минтақа янада барқарор бўлиб, изчил ривожланиш траекториясига кирди, иқтисодий ва инвестицион фаоллик марказига айланиб бормоқда. Бундан ташқари, у халқаро муносабатларнинг масъулиятли ва башорат қилинадиган субъекти сифатида глобал ва минтақавий кун тартибидаги муаммоларни ҳал қилишда тобора фаол иштирок этмоқда. Бу, ўз ўрнида, халқаро ҳамжамиятнинг қизиқишини орширмоқда.

Экспертлар ҳамжамияти бу жараёнларда асосий ролни Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ўйнашини, унинг чуқур стратегик қарашлари, фаол ва ташаббускор ташқи сиёсати Марказий Осиёни тубдан ўзгартиришга ҳисса қўшишини эътироф этди.

Конференция доирасида учта сессияда уч хил муҳим йўналиш иштирокчилар эътиборида бўлди. Жумладан, биринчи сессияда Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашнинг самарали моделлари, механизмлари ва воситалари, иккинчи сессияда Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожланиш траекторияси жаҳон иқтисодий муносабатларининг ўзгариши шароитида, учинчи сессияда Марказий Осиёнинг маданий-цивилизация мероси: ўзаро боғлиқ дунёда мулоқот ва ишончни мустаҳкамлаш асоси мавзулари муҳокама қилинди.  

Биринчи сессияда бугунги кунга қадар минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш имконини берувчи давлатлараро ҳамкорликнинг ўзига хос модели шакллангани қайд этилди. Бунда, 2017 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви асосий механизм ҳисобланади. 2018 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган мазкур формат моҳиятан муҳим сиёсий қарорлар қабул қилинадиган ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий векторлари қўйиладиган минтақавий ҳамкорликнинг архитектурасини қўллаб-қувватловчи тузилмага айланди. Кейинги йилларда у Марказий Осиёда давлатлараро ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг амалий механизмига айланди.

Жорий йил август ойида бўлиб ўтган Остона саммитида «Марказий Осиё - 2040» минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси қабул қилингани муҳим воқеалардан бири бўлди. Концепцияда минтақадаги давлатлараро яқинлашув жараёнлари барқарор ва ортга қайтмас тус олгани таъкидланиб, ҳар томонлама ҳамкорликни давом эттиришга умумий сиёсий иродаларни ҳамда умумий келажак учун биргаликда масъулиятни ўз зиммаларига олишга тайёр эканликларини билдирадилар.

Бунда, давлатлар глобал ва минтақавий кун тартибидаги масалаларни ҳал этишда зиддиятли, блокли ва мафкуравийлашган ёндашувларни истисно қилиб, барча келишмовчиликлар ва низоларни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга содиқ эканликларини таъкидладилар ҳамда биргаликда катта ўзаро боғлиқ минтақавий бозорни, ривожланган саноат-ишлаб чиқариш кооперацияси маконини, интеграциялашган транспорт ва сув-энергетика тизимини, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш умумий ҳудудини шакллантиришга тайёр эканликларини билдирадилар.

Шу билан бирга, экспертлар 2025-2027 йилларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»нинг қабул қилиниши минтақа мамлакатларининг фаол ҳаракат қилишга тайёрлигини намойиш этиб, қабул қилинаётган концептуал  ҳужжатларни амалга оширишга интилишларини қайт этдилар.

Экспертлар Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2024 йил 9 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 6-Маслаҳат учрашувида илгари сурган Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлиги тўғрисидаги ташаббусига алоҳида эътибор қаратди. 

Минтақавий хавфсизлик бўйича ягона қарашни шакллантириш Марказий Осиёнинг субъективлигини сезиларли даражада мустаҳкамлаши, минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминланишига муҳим ҳисса қўшиши, айниқса, глобал нотинчлик ва стратегик ноаниқлик даврида муҳим аҳамият касб этиши, шунга мос равишда минтақавий хавфсизликни белгилаш ва таъминлашда Марказий Осиё давлатларининг марказий роли ва масъулиятини, унинг бўлинмас, тенг ва кенг қамровли хусусиятини мустаҳкамлаши кераклиги таъкидланди.

Иккинчи сессияда сиёсий бирдамлик ва эришилган юқори даражадаги ўзаро ишонч иқтисодий тараққиётга туртки бўлгани таъкидланди. Бугунги кунда минтақа мамлакатлари товар айирбошлашдан тортиб ишлаб чиқариш-технологик кооперацияни ривожлантириш, қўшилган қийматни биргаликда шакллантиришга изчил ўтиб, жаҳон бозорларида ўз рақобатбардошлигини оширмоқда. Натижасида Марказий Осиё минтақалараро алоқа ва глобал ишлаб чиқариш занжирларининг муҳим бўғинига айланмоқда.

Шу нуқтаи назардан экспертлар жорий йил Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 2025-2027 йилларга мўлжалланган Саноат кооперацияси бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилиши муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Минтақа катта истеъмол бозори, қудратли хомашё ресурси, ишлаб чиқариш салоҳияти ва ривожланган инсон капиталига эга эканлиги таъкидланди. Хусусан, минтақада жаҳон уран захираларининг 20 фоизга яқини, нефтнинг 17 фоизи, табиий газнинг 7 фоизи, нодир  металларининг муҳим конлари, шунингдек, гидроэнергетика ва қуёш энергетикаси соҳасида улкан салоҳият мавжуд. Шу билан бирга, Марказий Осиёда ортиб бораётган меҳнат ресурслари жамланган. 80 миллион кишилик аҳоли даражасига аллақачон эришилган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб минтақа аҳолиси 100 миллион кишидан ошади. Қолаверса, Марказий Осиё дунёнинг «энг ёш» минтақаларидан бири ҳисобланади. Аҳолининг ўртача ёши атиги 28,7 ёшни ташкил этади.

Бундан ташқари, сўнгги ўн йил ичида минтақа иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатлари (6,2 фоизга) жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан (2,6 фоиз) икки баробарга ошган. 2016 йилдан бери минтақавий ялпи ички маҳсулот 60 фоизга ўсди ва 2023 йил охирига келиб 450 миллиард долларни ташкил этди.

Шу билан бирга, Марказий Осиё жаҳон иқтисодий муносабатларининг муҳим иштирокчисига айланиб бормоқда: унинг ташқи савдо ҳажми сўнгги 7 йилда икки баравардан ортиқ ўсиб, қарийб 225 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, минтақалараро товар айирбошлаш ҳажми 4,5 бараварга (2,4 дан 11 миллиард долларга) ошди. 

Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақада иқтисодий ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббуслари алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Президентининг қўшма савдо-иқтисодий кун тартибини самарали илгари суриш бўйича ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиришни таъминлайдиган Марказий Осиё Иқтисодий кенгашини тузиш тўғрисидаги таклифи талаби алоҳида таъкидланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари томонидан таклиф этилган Минтақа мамлакатлари инновацион ривожланиш банкининг ташкил этилиши молиявий ресурсларни тўплаш ва улардан самаралироқ фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади. 

Учинчи сессияда Марказий Осиё бой маданий меросига эга эканлиги, азалий дўстлик алоқалари тинчлик ва тотувликни сақлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, савдо-иқтисодий йўллар ва миграция йўллари чорраҳасида жойлашган бу ҳудуд азалдан цивилизацияларни ўзига жалб қилиш маркази бўлиб келган.

Қолаверса, Ўрта Осиё зардуштийлик, эллинизм, буддизм, тангричилик, ислом каби жаҳон динлари тараққий этиш маркази ҳамда дунё илм-фани тикланиш жойи бўлган. Минтақа кўп асрлар давомида Ипак йўли бўйлаб маданиятлар, тиллар ва динлар ўртасидаги мулоқотни ривожланишига туртки бўлди.

Натижада Ўрта Осиё халқларининг дунёга очиқлиги, маданиятлараро мулоқот, янги тенденциялари билан ажралиб турадиган ўзига хос менталитети шаклланди.

Шу билан бирга, Марказий Осиё халқлари онгида минтақавий бирлик ҳақидаги фикрларни шакллантириш – манфаатлар умумийлиги, минтақа яхлитлиги, субъективлиги ва замонавий муаммоларига қарши барқарорликни мустаҳкамлаш учун муҳим омил бўлмоқда. Ёшлар ва талабалар учун таълим алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, ягона ахборот, маданий-маърифий макон яратиш истиқболли йўналиш экани таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф этилган, минтақавий контент яратиш мақсадида олимлар ва кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда «Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак» халқаро медиа платформасининг ишга туширилиши бу борадаги муҳим амалий қадам бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиё таълим ва академик алмашинув дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташаббуслари, шунингдек, мамлакатларимизнинг етакчи университетлари дипломларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимнинг долзарблиги таъкидланди.

Мутахассисларнинг фикрича, бу чора-тадбирлар ёшларда умумий маданий, тарихий, цивилизация ва маънавий меросга асосланган ҳудуд келажаги учун дахлдорлик, аҳиллик, умумий масъулият туйғусини шакллантиришга хизмат қилади.

Норгул Абдураимова, 
Аслиддин Алижонов (сурат), 
ЎзА