Яқинда “BMB Holding” раҳбарияти Малайзия ва Хитой давлатларининг нуфузли ишбилармон доиралари билан ўтказган учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳолдинг компанияси бош директори ўринбосари Сардорбек Розуқулов бошчилигидаги мулоқотда Малайзиянинг “SMITA International Trade Association” президенти Мегане Су ҳамда Хитой давлатининг Хэнань провинциясининг тадбиркорлар вакиллари иштирок этишди.

Учрашув аввалида меҳмонларга компаниянинг асосий фаолият йўналишлари, таркибидаги корхоналар ва ҳозирда амалга оширилаётган қўшма инвестиция лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди. “SMITA International Trade Association” — Малайзияда кичик ва ўрта бизнесни халқаро савдога олиб чиқиш билан шуғулланувчи тузилма сифатида танилган бўлиб, унинг иштирокида ўтган мулоқот келгусидаги қўшма ташаббуслар учун муҳим асос бўлиши шубҳасиз.
Музокаралар давомида тарафлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, айниқса чуқур қайта ишланган ва дуккакли турларни Малайзия ҳамда Хитой бозорларига экспорт қилиш имкониятларини муҳокама қилди.

Хэнань провинцияси ишбилармонлари эса саховатли Жиззах воҳаси заминида етиштирилиб, қайта ишланаётган ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёж юқори эканини, Мегане Су эса Малайзия бозорида табиий ва қайта ишланган аграр маҳсулотларга талаб ортиб бораётганини қайд этди. Меҳмонларнинг қизиқиши шу йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш имконияти борлигини кўрсатди.
Учрашув якунида томонлар мулоқотларни изчил давом эттириш, амалий механизмларни ишлаб чиқиш ва қўшимча музокаралар ўтказиш бўйича келишиб олишди. Бу келишув халқаро савдо алоқаларида янги қадам бўлиб, келгусида Ўзбекистон – Малайзия ва Хитой давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда мустаҳкам замин бўлиши шубҳасиз.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири