Бугун пойтахтимизда Кўп ўлчовли камбағаллик бўйича ҳамкорлик халқаро тармоғи (MPPN) 9-йиғилиши бошланди. Ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларида бўлиб ўтадиган ушбу йирик тадбирга бу йил мамлакатимиз мезбонлик қилмоқда.
Халқаро форум Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR), Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури (БМТ ТД) ҳамда Оксфорд камбағалликка қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш ташаббуси (OPHI) кўмагида ташкил этилди.
63 мамлакат, 30 дан зиёд халқаро ташкилотлардан етакчи сиёсатчи, иқтисодчи экспертлар тўпланган анжуман аввалида Президентнинг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломов давлатимиз раҳбарининг йиғилиш иштирокчиларига йўллаган Мурожаатномасини ўқиб эшиттирди.
Мурожаатномада мамлакатимиз фуқароларининг яшаш шароитини яхшилаш, таълим ва тиббий хизмат кўлами, сифатини ошириш инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларимизнинг асосий йўналиши эканига эътибор қаратилган. Боғча ва мактаблар барпо этиш, тиббий хизмат, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 31,5 триллион сўм инвестиция киритилиши бунинг исботидир.
Юртимизда ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, давлат кўмагига муҳтож оилаларга сифатли хизмат кўрсатиш доимий эътиборда. Шу мақсадда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилган, туманларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Бу жараёнда 2 миллион 300 мингдан зиёд оила қамраб олинган. Бу 2017 йилга нисбатан 4 баробар кўп. Сўнгги уч йилда кўмакка муҳтож 3 миллион аҳолининг турмуш шароити яхшиланди.
Уч кунлик форум давомида иштирокчилар камбағалликни камайтириш соҳасидаги тажриба, халқаро амалиёт билан ўртоқлашади.
[gallery-18942]
– Форумга мамлакатимиз мезбон сифатида танланиши кўп ўлчовли камбағалликка қарши янада самарали курашиш, муаммони чуқур англаш ва баҳолашга қаратилган ислоҳотларимизга нирсбатан халқаро ҳамжамиятнинг эътирофидир, – деди Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти директори Хуршид Зафарий. – Бугунги кунда камбағалликни қисқартириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилган. Камбағаллик даражаси 2022 йилдаги 17 фоиздан 11 фоизга тушди. Ҳар бир оила билан янгича, алоҳида ишлаш тизими йўлга қўйилмоқда. Бугунги тадбир соҳада эришган ютуқларни таҳлил қилиш, ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамиятга эга.
Шу маънода Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар, хусусан аҳолини замонавий касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорлик субъектларига микрокредит ажратиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ижтимоий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтиришга қаратилган “Маҳаллабай” дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Зеро, айни саъй-ҳаракатлар 2,3 миллиондан ортиқ аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилашга ёрдам берган.
Хорижлик экспертлар томонидан ўта долзарб ва муҳим мавзу бўйича фикр, тажриба алмашиш учун ноёб имконият сифатида баҳоланган мазкур форумда мутахассислар бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ҳаётини ўзгартириши мумкин бўлган ечимлар устида биргаликда иш олиб боришмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда БМТ Тараққиёт дастури ёрдамида кўп ўлчовли камбағаллик индексини ўлчаш лойиҳаси асосида махсус концепция жорий этилмоқда. Қолаверса, тадбир Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва камбағилликка қарши кураш бўйича халқаро стандартга содиқликни тасдиқлаш йўлида ташланган муҳим қадамдир.
– БМТ Тараққиёт дастури одамлар ҳаётини чинакамига ўзгартирадиган сиёсат юритиш мақсадида мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади, – деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл. – Бу жараён янги иш ўринлари яратиш ва малака ошириш, инфратузилмани яхшилаш, янги бозорга кириш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, кредит олиш имкониятини таъминлаш орқали маҳаллий иқтисодиётни диверсификация қилиш каби муҳим жиҳатларни қамраб олади. Жамият томонидан бошқариладиган тараққиётга эътибор қаратиш орқали биз камабағалликнинг турли қирралари билан курашамиз, доимий равишда ижобий ўзгариш ясаймиз.
Тадбирда Мальдив ороллари уй-жой, ер ва шаҳарсозлик вазири доктор Али Ҳайдар Аҳмад, Хитойдаги Камбағалликни қисқартириш халқаро маркази (IPRCC) бош директори доктор Лю Цзювэнь, Панама ижтимоий ривожланиш вазири ўринбосари Рикардо Ландеро, Шри-Ланка Миллий режалаштириш департаменти бош директори Р.Х.В.А. Кумарасири ва Ислом тараққиёт банки гуруҳи бош иқтисодчиси Ориф Сулаймон маъруза қилди.
Анжуман давом этяпти.
Гўзал Сатторова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА