2021 йил 1 июндан бошлаб Қозоғистон импорт қилинадиган кабель сим маҳсулотларига 5 фоиз миқдорида утилизация йиғими жорий қилди. Бу фоиз 2022 йилдан бошлаб 10 фоиз миқдорида бўлиши белгиланди.
Мазкур тартибга асосан, Қозоғистон Республикасида фаолият юритадиган кабель сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар тўлаган утилизация йиғими давлат томонидан тўлиқ қайтариб берилади. Демак, мазкур утилизация йиғими фақатгина импорт қилинадиган кабель сим маҳсулотлари учун жорий қилинган.
Ҳукумат мазкур тартибни жорий қилиш учун асосий мақсад сифатида экологик муҳитни кабель сим маҳсулотлари чиқиндиларидан асраш кўрсатиб ўтган ҳамда Қозоғистон Республикаси Экология Кодексига янги «экологик хавфсиз кабель сим маҳсулоти» терминини киритган.
Аслида-чи?
Аслида, Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфраструктуравий ривожланиш вазирлигининг маълумотларига кўра, Қозоғистон маҳаллий кабель сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб- қувватлаш, ички бозорни импорт маҳсулотларидан ҳимоя қилиб, ушбу чекловни ўрнатди. Таъкидлаш жоизки, ЕОИИ давлатларнинг бошқа ҳеч қайси бирида кабель сим маҳсулотларига утилизация йиғими мавжуд эмас.
Қозоғистон Республикаси томонидан нотариф чеклов ўрнатилиши маҳаллий кабель сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналаримиз томонидан юқори қўшилган қийматли тайёр кабель сим маҳсулотлари экспортини жадаллаштиришга ўз таъсирини кўрсатади.
Шунингдек, ички бозорда кабель сим маҳсулотлари импортида ҳеч қандай нотариф тўсиқларнинг мавжуд эмаслиги оқибатида сифатсиз, арзон кабель сим маҳсулотлари импорти ошиб бораётганлиги мазкур йўналишга алоҳида эътибор талаб этмоқда.
Сайёра Шоева,ЎзА