Ўзбекистон учун ЖСТга аъзо бўлиш устувор вазифа ҳисобланади. Шу сабабли, кейинги пайтда ушбу ташкилотга аъзо бўлиш масаласи анча жадаллашди. Бу борада Президентимиз қарорлари ижросини таъминлаш ва жараёнга пухта тараддуд кўриш тизимли олиб борилмоқда.
ЖСТга аъзо бўлиш учун миллий қонунчилигимизни инвентаризация қилиб, нафақат иқтисодий, балки қишлоқ хўжалиги, ижтимоий, атроф-муҳитга оид қонун-ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарур бўлади.
Хўш, ЖСТга аъзо бўлишда қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича қандай талаблар қўйилади?
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро ҳуқуқ факультети декани Умид Ёқубхўжаев ушбу саволга қуйидагича жавоб берди:
–Таъкидлаш керакки, ЖСТга аъзо бўлиш мамлакатимиз равнақи йўлида муҳим қадам дейиш мумкин. Мамлакатимизда бу жараёнга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Ўтказилаётган қатор тадбир, учрашувлар тажриба алмашишда қўл келади.
Умуман амалиётга кўра, ЖСТга аъзо давлатлар мамлакатдаги қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида режалаштирилган барча дастурлар ва улар учун мўлжалланган ресурслар ҳажми ва ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар юзасидан ўзаро ва ЖСТ комиссиясини хабардор этиши лозим.
Қайд этганимдек, ушбу жараёнга тараддуд кўриш мақсадида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Жаҳон савдо ташкилоти кафедраси ташкил этилган. Унда айнан шу мавзуда мунтазам тадбирлар ва учрашувлар ташкил этилиб, халқаро тажрибалар ўрганилади. Яқинда ташкил этилган ана шундай семинардан бири ҳам “Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши: қишлоқ хўжалигида махсус ва преференциал режим” мавзусида ўтказилди. Унда халқаро экспертлар қатнашиб, ўз тажрибаси билан ўртоқлашди ва зарур тавсиялар берди.
Қишлоқ хўжалиги шартномасига мувофиқ, ЖСТнинг ривожланаётган ва ривожланган давлатлари унинг иштирокчисидир. Ривожланаётган давлатларга махсус шарт-шароитлар яратиб берилади. Масалан, қишлоқ хўжалиги бўйича ривожланган ва ривожланаётган давлатларни таққослайдиган бўлсак, маълум бир мажбуриятни бажариш учун берилган вақт масаласида фарқ қилиши мумкин. Дейлик, ривожланаётган давлатларга кўпроқ вақт берилади. Бунда давлат томонидан ушбу соҳанинг қўллаб-қувватланиши ҳам таъсир кўрсатади. Шартномага кўра, ривожланган давлатларда бу каби кўрсаткич 5 фоиз, ривожланаётган давлатларда эса 10 фоиз қилиб белгиланган.
ЖСТга аъзо бўлаётган давлатларда режим масаласини қандай қилиб музокара қилиш ва ўзимизга имконият яратиб бериш нуқтаи назаридан ўрганиш зарур. Шу маънода, биз Қозоғистон тажрибасини ҳам ўрганяпмиз. Қозоғистон ЖСТга аъзо бўлаётганда мана шу масалалар билан тўқнаш келган.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қўлланилиши мумкин бўлган ЖСТнинг махсус ва преференциал режимлари, савдо қоидалари, бозорга кириш ва сиёсатдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда аъзо бўлишининг қишлоқ хўжалиги учун ўзига хос фойдалари ва оқибатларини ҳар томонлама ўрганиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, бу жараёнда иқтисодий ўсиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва асосий тармоқларни модернизация қилиш борасидаги миллий мақсадларга уйғунлиги ҳам инобатга олинади.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши унинг иқтисодий ривожланишида муҳим қадам бўлади. Ривожланаётган мамлакатлар учун ЖСТ келишувларида назарда тутилган махсус ва преференциал режимлар механизмлари Ўзбекистонга фойдали бўлиши ва глобал савдо тизимига интеграциялашуви учун зарур бўлган мослашувчанликни таъминлаши мумкин.
Шунингдек, ЖСТга аъзо бўлиш билан боғлиқ муаммолар ва имкониятлар, жумладан, либераллаштириш талаблари, бозорга кириш ва рақобат сиёсати иқтисодий ва тартибга солиш натижалари ҳар томонлама ўрганилади.
Телекоммуникациялар, молиявий ва профессионал хизматлар каби “инновацион ўсиш”га олиб келадиган тармоқларини либераллаштириш, секторни рақамли “ақлли қишлоқ хўжалиги”га айлантириш учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса кўплаб муаммоларни, жумладан, иқлим ўзгариши, ернинг деградацияси ва сув ресурсларининг камайишини ҳал этишга ёрдам беради.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди