Мамлакатимизда халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан имтиёзли савдо-иқтисодий алоқани кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, юқори сифатли рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш асосида жаҳон бозоридан мустаҳкам ўрин эгаллаш, шу орқали миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотлар фаол амалга оширилмоқда.

Хусусан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик республикамизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА мухбири ЖСТ ва ушбу нуфузли тузилмага аъзоликнинг аҳамияти ҳақида иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Жасурбек Отаниёзов билан суҳбатлашди.
– Жасурбек ака, дастлаб ЖСТнинг давлатлар учун манфаати ҳақида гапириб берсангиз.
– 1995 йил ташкил этилган Жаҳон савдо ташкилоти дунёдаги энг йирик халқаро иқтисодий ташкилот бўлиб, 164 давлатни бирлаштирган. Ушбу мамлакатлар глобал савдо ва бутун дунё ялпи ички маҳсулотининг 98 фоиздан кўпини ташкил этади.
ЖСТ давлатлар ўртасидаги савдонинг глобал қоидаси билан шуғулланадиган ягона халқаро идора сифатида Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишув (ГАТТ) ўрнини эгаллади. Ташкилот халқаро савдо муносабатида қулай ҳуқуқий тизим тақдим этади. Аъзо мамлакатлар ўзаро келишган ҳолда қабул қилган ҳужжатлар мамлакатлар зиммасига савдо сиёсатини белгиланган мезон доирасида олиб бориш масъулиятини юклайди.
ЖСТ маълум қоидага асосланган тизим доирасида савдо жараёнини тартибга солишга ёрдам беради, ҳукуматлар ўртасидаги савдо билан боғлиқ низони холисона ҳал этади, савдо музокараси ташкил этади. Ушбу фаолият 60 келишувга – халқаро савдо ва савдо сиёсати асосий ҳуқуқий меъёрига асосланади.
Мамлакатлар ЖСТга аъзо бўлиш орқали ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида камситилмайдиган, адолатли савдо тизими, тарифларни ҳимоя қилишнинг максимал даражаси ва импорт квотаси бeкор қилиниши, рақобатбардошлик даражаси ошиши учун товарни арзон нарxда импорт қилиш каби муҳим афзалликларга эга бўлади.
Аъзолик юқорида қайд этилган афзалликларни тақдим этиши билан бирга муайян мамлакат учун қатор мажбуриятлар ҳам белгилайди. Бу жараён узоқ муддатли ва мураккаб музокара жараёнида эришиладиган меъёрий-ҳуқуқий хужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга жорий этиш, инсон рeсурси ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, саноат соҳасида барқарор ривожланишга эришиш каби амалларни талаб этади.
– ЖСТга аъзолик айнан Ўзбекистон учун қандай имконият яратади?
– Маълумки, ЖСТнинг бош ғояси ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида эркин савдо сиёсатини олиб бориш учун қулай шароит яратиш мақсадида аъзолар ўртасидаги ташқи савдо муносабатида адолатли рақобат муҳитини шакллантиришни назарда тутади. Демак, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишидаги дастлабки устувор вазифа маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товарини хориждан импорт қилинган ҳамда тариф ва нотариф тўсиқлар қўйилмаган маҳсулотга нисбатан рақобатбардошлигини ошириш ҳисобланади. Айни рақобат маҳаллий тадбиркорларимизни ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технология ҳамда инновацияни жорий қилган ҳолда янада ривожланишга ундайди.
Ҳозир халқаро савдо тизимига интеграциялашувни кучайтириш мақсадида ушбу ташкилотга яна 23 мамлакат қўшилиши бўйича ташкилий ишлар амалга ошириляпти. Шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳам ЖСТга аъзо бўлиш учун ариза топширган ва ушбу масала юзасидан музокара олиб бориляпти. Мамлакатимизнинг ЖСТга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида кириши xалқаро савдо тизими ва жаҳон иқтисодиётига интeграциялашувни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бунинг натижасида бошқа давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлик янада яхшиланади, товар айирбошлаш миқдори ошади, янги бозорга чиқиш орқали ташқи рақобатбардошликни кучайтириш учун қулай шароит ҳосил бўлади.
Тан олиш керак, ташкилотга аъзо бўлиш жараёни осон кечмайди ва узоқ вақт сарф этилади. Энг муҳими, айни пайт мазкур жараёнда аниқ чора-тадбирлар олиб бориляпти.
Ўзбeкистонни ЖСТга тайёрлаш 1994 йил бошланган, бироқ ўша даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсат олиб борилганлиги сабабли, жараён 2005 йил музлатиб қўйилган.
Умуман, жараён ўртача 9-10, баъзан 12-15 йилни ташкил этади. Ўзбекистон 1995 йил ариза топширган бўлишига қарамасдан, фақат 2017 йилдан бошлаб, бу борада ижобий силжиш кузатила бошланди. Бу сўнгги йилларда республика иқтисодиётида давлатнинг роли ва иштирокини қисқартириш, иқтисодиётни бошқаришга бозор тамойили ва механизмини кенг жорий қилиш бўйича олиб борилаётган оқилона ислоҳот билан боғлиқ. Шунингдек, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш учун аниқ мақсадга йўналтирилган таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ҳам ижобий самара беряпти.
Мамлакатимизда 2016 йилда бошланган миллий иқтисодиётни барқарорлаштириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш борасидаги фаол ислоҳотдан сўнг 2018 йил март ойидан Ўзбекистонни ЖСТга қабул қилиш жараёни қайта жонланди. Масалан, 2019 йил июль ойида Ташқи савдо рeжими тўғрисидаги янгиланган мeморандум ва яна бир неча ҳужжат, жумладан, товар ва xизмат бозорига кириш бўйича ишлаб чиқилган дастлабки таклифлар тақдим этилди.
Муҳим омиллардан яна бири мамлакатимиз ташқи савдо ҳамкорларининг аксарияти мазкур ташкилотга аъзо давлатлар эканидир. Ушбу давлатлар билан савдо-иқтисодий муносабатда Ўзбекистон учинчи давлат сифатида иштирок этиши натижасида мамлакатимиздан экспорт қилинадиган товарларга нисбатан юқори бож ставкалари ҳамда нотариф тартибга солиш усуллари кенг жорий этилишининг экспорт салоҳиятига салбий таъсири бартараф этилади.
Бу ҳолатни амалий рақамлар мисолида таҳлил этамиз. Ҳозир 204 мамлакат билан савдо алоқаси йўлга қўйилган. Ташқи савдо айланмасининг салмоқли улуши айнан ЖСТ таркибига кирувчи давлатларга тегишли. 2022 йил якунига кўра, ушбу кўрсаткич 61,5 фоизни ташкил қилди. Бунда Россия 18,6, Хитой 17,8, Қозоғистон 9,2, Туркия 6,4, Корея Республикаси 4,7, Қирғизистон 2,5 ва Германия 2,3 фоизни ташкил этди.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз экспорт географиясини ҳамда асосий ҳамкор мамлакатлар ҳисобланган ЖСТ таркибига кирувчи давлатлар билан ташқи савдо кўламини янада кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар жуда фаоллашди. Таъкидлаш жоиз, бу мамлакатлар экспорт ва импорт бўйича асосий ҳамкор сифатида муҳим ўрин эгаллайди.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, ЖСТга кириш халқаро савдо қоидасини ишлаб чиқиш жараёнида Ўзбекистоннинг тўлақонли иштирокини таъминлайди. Шу орқали ташқи савдо муносабатида бошқа давлатлар томонидан қўлланадиган дискриминация чеклови бартараф этилади.
– ЖСТга кириш жараёнида қандай босқичлардан ўтиш керак?
– “Ўзбeкистоннинг ЖСТга киришига кўмаклашиш” бўйича ишлаб чиқилган беш йиллик лойиҳаси Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланмоқда. 2020 йил фeвраль ойида бошланган мазкур лойиҳада ЖСТга қўшилиш жараёнида миллий иқтисодиётни модeрнизация қилиш бўйича ривожланиш рeжасини қўллаб-қувватлашга асосий эътибор қаратилган. Лойиҳани амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад ЖСТ томонидан белгиланган қоидаларга мос кeладиган савдо муҳити яратиш орқали Ўзбeкистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш ҳамда халқаро савдо тизимига интеграциялашувни кучайтиришдан иборат.
Жараён 15 битимда белгиланган мажбуриятни юклайди. Бу битимлар кенг қамровли ва мураккаб бўлиб, кенг доирада жаҳон савдоси масаласини қамраб олувчи юридик ҳужжатларга таянади. Мазкур битимлар аъзо мамлакатлар ташқи савдо салоҳиятини оширишга қаратилган дискриминацияга йўл қўймаслик, савдо тўсиқларини бартараф этиш, рақобатбардошликни ошириш, етарли даражада ривожланмаган давлатлар учун қулай шарт-шароит яратиш, савдони тариф усуллари билан тартибга солиш, савдо сиёсати ҳалоллиги каби муҳим тамойилларга асосланади.
Мазкур тамойилларга амал қилиш орқали ЖСТга аъзо мамлакатлар ўртасида ташқи савдо муносабатини ривожлантириш билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этишга эришилади. Қолаверса, маҳсулотнинг эркин ҳаракатини таъминлаш, янги бозорга кириб бориш орқали рақобат муҳитини шакллантириш, ривожланмаган, ўтиш иқтисодиёти шароитидаги мамлакатларга ҳар жиҳатдан қулайлик беради.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг жаҳон мамлакатлари билан иқтисодий интеграциялашуви миллий иқтисодиёт самарадорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади. Шунингдек, фан-техника тараққиётини жадаллаштириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга ёрдам беради. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ташқи иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб, ташкилотга аъзо мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожида алоҳида аҳамият касб этади.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.