Маълумки, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш Ўзбекистон учун ташқи бозорларга баробар ҳуқуқли кириш, миллий ишлаб чиқарувчилар учун тенг рақобат муҳити яратиш ва иқтисодий ислоҳотларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш имконини беради.
ЖСТга қўшилиш орқали мамлакатимиз савдода асоссиз чекловлардан ҳимояланади, экспорт салоҳияти кенгаяди ва халқаро инвесторлар ишончини оширади. Бу қадам мамлакатнинг очиқ ва рақобатбардош иқтисодиётга интеграциясида стратегик аҳамият касб этади.
Аҳамиятли жиҳати шуки, 2025 йил 1 декабрь ҳолати бўйича Ўзбекистон ЖСТга аъзо давлатларнинг катта қисми билан бозорга кириш шартлари бўйича келишувларга эришди.
Хўш, бу жараёнлар қандай кечмоқда? Мазкур савол билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш ва хизматлар соҳасини тартибга солиш бўлими бошлиғи Сирожиддин Жўраевга мурожаат қилдик.
–Аввало, бу борадаги янгиликлар Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларга боғлиқ. Негаки, 2023-2025 йилларда Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни сезиларли даражада тезлашди. Ташқи савдо сиёсатини либераллаштириш, савдо қоидалари ва стандартларни халқаро нормаларга мувофиқлаштириш ҳамда ташқи савдони тартибга солишда шаффофликни таъминлашга қаратилган тизимли ислоҳотлар бу жараённи якуний босқичга олиб чиқди.
2025 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон ЖСТга аъзо давлатларнинг катта қисми билан бозорга кириш шартлари бўйича келишувларга эришди. Бу эса қўшилиш жараёнида эришилган муҳим амалий натижалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ЖСТга аъзолик жараёнида хизматлар бозорига кириш, қишлоқ хўжалиги, шунингдек умумий иқтисодий, фискал ва божхона сиёсати йўналишларида музокаралар олиб бориш учун масъул ҳисобланади.
ЖСТ бўйича Ишчи гуруҳ йиғилишлари сони 6 тадан 11 тагача ошди. Уларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусан қишлоқ хўжалиги сиёсати, солиқ ва божхона тартиботлари, техник тартибга солиш ҳамда санитария ва фитосанитария талаблари бўйича ўзгаришлар атрофлича тақдим этилди.
Кўп томонлама музокаралар доирасида ЖСТга аъзо давлатлар томонидан Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсатига оид 600 га яқин савол ва мурожаатлар келиб тушди. Ушбу масалаларга мамлакат томонидан изчил, асосли ва шаффоф жавоблар берилди.
Ҳозирги пайтга қадар ЖСТга аъзо 19 та давлат билан хизматлар бозорига кириш бўйича икки томонлама музокаралар тўлиқ якунланди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро савдо майдонида тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида ҳаракат қилаётганини кўрсатади.
Сўнгги икки йилда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган алоҳида форматда 4 та музокара ўтказилди. 2025 йил 4 ноябрь куни Женевада бўлиб ўтган тўртинчи йиғилишда Кернс гуруҳи Ўзбекистоннинг маълумотлар тақдим этишдаги шаффофлиги ва статистикани такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Йиғилиш доирасида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров Ўзбекистон аграр сиёсатини ЖСТ қоидаларига мослаштириш бўйича тақдимот билан чиқди. Давлат томонидан қишлоқ хўжалигига ажратилаётган қўллаб-қувватлаш маблағлари юзасидан 20 дан ортиқ саволларга батафсил жавоб берилди.
Айтиш керакки, бу жараён қонунчиликни халқаро меъёрларга мослаштириш билан узвийликда амалга оширилди. Хусусан, 2025 йил давомида ЖСТ талаблари доирасида 10 дан ортиқ янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва 54 та амалдаги ҳужжат халқаро стандартларга мослаштирилди. Жумладан, жорий йил 18 апрель куни қабул қилинган Президентимизнинг фармони техник тартибга солиш, санитария ва фитосанитария соҳаларидаги ислоҳотларга кучли туртки берди. Шунингдек, экспорт субсидиялари ва эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди, давлат корхоналарининг айрим имтиёзли ваколатлари тугатилди ва Ўзбекистон интеллектуал мулк соҳасидаги муҳим халқаро шартномаларга қўшилди.
Якуний натижаларга тўхталадиган бўлсам, келгуси даврда Ишчи гуруҳ ҳисоботини тўлиқ якунлаш, барча давлатлар билан икки томонлама баённомаларни имзолаш ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш бўйича якуний келишувга эришиш асосий мақсад сифатида белгиланган.
Мухтасар айтганда, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Музокаралар фаол тус олди, асосий савдо шериклари билан ишонч мустаҳкамланди, миллий қонунчилик халқаро талабларга яқинлаштирилди. Бу эса мамлакатнинг глобал савдо тизимига тўлақонли қўшилиши учун мустаҳкам асос яратмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА