Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши 164 давлат билан савдо тизимини йўлга қўйиш имконини беради
11:34 / 2023-12-12

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишининг миллий иқтисодиётга таъсири борасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бўлим бошлиғи Абдурашид Бозоров қуйидаги фикрларни билдирди:

– Эркин савдо режими асосида республикамиз импортининг 42 фоизи амалга оширилмоқда ва 55 фоиз импорт энг кўп қулайлик режими жорий этилган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ушбу мамлакатлар учун белгиланган савдо тарифларида асосий ўзгаришлар амалга оширилади. Энг кўп қулайлик режимини яратган ҳолда савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги битимлар имзоланган давлатлар 47 та. Эркин савдо режимини яратган ҳолда савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги битимлар имзоланган давлатлар 10 та. Уларга, Беларусь Республикаси, Грузия Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси, Туркманистон, Украина, Тожикистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси киради.  

Умуман олганда, ЖСТ бу кўп сонли давлатлар ўртасида халқаро шартномалар бўлиб, ҳозирда ташкилотга аъзо мамлакатлар жаҳон савдосининг 98 фоиздан зиёд қисмини амалга оширмоқда.  

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон иқтисодиёти мамлакат ЖСТга кирганидан кейин қандай ўзгаришини баҳолади. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш Ўзбекистонга 164 мамлакат билан савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор савдо бозорларни топиш имконини беради. ЖСТга қўшилишимиз мамлакатимиз иқтисодиётига асосан иккита йўналишда таъсир қилади.  

Тариф (божлар билан боғлиқ) ва нотариф тўсиқларнинг камайиши ёки бекор қилиниши орқали импорт нархларининг пасайиши, маълум гуруҳ маҳсулотлар учун жами импорт ҳажмининг ортиши кузатилади. Бу эса ўз навбатида ички бозорни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўлдиради. Ички бозорда рақобат муҳитини яхшилайди. Нархларнинг арзонлашиши эса аҳоли реал даромадларининг ортишига олиб келади ва бошқа турдаги истеъмол маҳсулотларини харид қилиш, бу орқали эса умумий иқтисодий ўсиш имкониятини беради. Бугунги кунда амалдаги ўртача божлар кўрсаткичи 7,4 фоизни ташкил этмоқда ва бу кўрсаткич жаҳонда тарифлаш орқали ички бозорларни ҳимоялаш бўйича ўртача ҳисобланади.  

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ЖСТга аъзо бўлган мамлакатлар томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун тариф ва тарифсиз тўсиқларни бекор қилиниши ҳисобига экспорт ҳажмининг ортиши ва бу орқали мамлакатда ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг ортишига олиб келади.  

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан "Computable General equilibrium" ("Умумий мувозанат модели") модели асосида яъни умумий иқтисодиёт баланси модели орқали Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг миллий иқтисодиётга таъсири таҳлил қилинди. Таҳлилларда савдони либераллаштириш 3 хил сценарий бўйича кўриб чиқилди. Бунда 20, 50 ва 80 фоизга савдо тарифларини ёки божларини камайтириш таъсири ҳисобланди.  

Таҳлил натижаларига кўра, ЯИМ кўрсаткичлари қўшимча 0,4-0,5 фоизга ва аҳоли фаровонлиги (аҳолининг реал даромадлари) ёки сотиб олиш қобилияти 0,9 фоизгача ортади. Бундан ташқари умумий нархлар 0,1 фоизга пасайиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ташқи савдо ҳам ўсади. Ўсиш биринчи ва иккинчи сценарийлар бўйича мос равишда экспорт учун +1,7 фоиздан +2,8 фоизгача ва импорт учун +1,7 фоиздан +2,9 фоизгача бўлади.  

Агар алоҳида тармоқларда ишлаб чиқаришнинг ўсишига эътибор қаратадиган бўлсак, энг юқори суръатларини металлургия, металл рудаларини ишлаб чиқариш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ичимликлар саноати кўрсатди.  

Экспортда металлургияда, хусусан, машинасозликнинг барча секторларида (булар электр жиҳозлари, транспорт воситалари) анчайин жадал ўсиш кутилмоқда. Аммо шу билан бирга, худди шу секторлар бўйича импортнинг сезиларли даражада ўсиши қайд этилди. Импорт ҳақида сўз юритадиган бўлсак, озиқ-овқат саноати товарлари етказиб бериш, фармацевтика, пластик ва резина маҳсулотлари, бошқа минерал нометал товарлар ва ҳ.к. импортининг ўсиши фаоллашади. ЖСТга қўшилиш мамлакатимиз ташқи савдоси географиясининг ўзгаришига олиб келади.  

Бунда ташқи савдонинг эркин савдо режими жорий этилган мамлакатларда камайиши ва энг кўп қулайлик режимини яратган ҳолда савдо қилувчи мамлакатларнинг улуши ортиши кузатилади. Умуман олганда мамлакатимизнинг ЖСТга қўшилиши савдони бошқариш билан боғлиқ бюрократияни камайтиради, ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини оширади, арзон оралиқ ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар билан аҳоли ва саноат тармоқлари талабини самарали қондиради.    

   

Ш.Маматуропова,    

ЎзА