Божхона институтида «Ўзбекистон Республикасининг жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш истиқболлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Брокерлик ассоциацияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабининг мутахассислари ҳамда Божхона қўмитаси Стратегик режалаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бошқармаси масъуллари иштирок этди.

Тадбирда йирик халқаро институт ҳисобланган Жаҳон савдо ташкилоти асосан аъзо давлатларнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиёти ва ривожланиш истиқболларини белгилаши, Божхона қўмитасига ҳам божхона қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш бўйича бир қатор вазифалар юклангани таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, учрашувда сўз олган спикерлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги юртимизнинг глобал савдо тизимининг бир бўлагига айланишимизда энг асосий омиллардан бири бўлиши тақдимотлар асосида кўрсатиб берилди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши унинг иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Ривожланаётган мамлакатлар учун жаҳон савдо ташкилоти келишувларида назарда тутилган махсус ва преференциал режимлар механизмлари Ўзбекистонга фойдали бўлиши ва глобал савдо тизимига интеграциялашуви учун зарур бўлган мослашувчанликни таъминлаши мумкин.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, келгуси уч йилда мамлакатимизда тайёр маҳсулот экспортини икки баробар ошириш режа қилган. Бунга эришишнинг бирдан бир йўли – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш. Бу 164 та давлат билан адолатли савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларни яратиш имконини беради.
Давра суҳбатида Ўзбeкистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш истиқболларига оид илмий-амалий аҳамиятга эга қатор таклиф ва хулосалар ишлаб чиқилиб, зарур чора тадбирлар белгилаб олинди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА