Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан ҳамкорлиги қандай натижаларни бермоқда?
15:54 / 2024-01-26

"Ўзбекистон – 2030" стратегияси

Аниқ мақсад ва вазифаларга қаратилган ривожланиш стратегиялари доирасида юртимизда миллий иқтисодиётни либераллаштиришга оид ислоҳотлар самарали амалга оширилмоқда. 

Бу эса Ўзбекистоннинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш, пул-кредит сиёсатини соддалаштириш, халқаро ва хорижий молия институтлари, шунингдек, анъанавий шериклар билан ҳамкорлик кўламини сезиларли даражада оширишга хизмат қилди.

Маълумки, миллий иқтисодиётни либераллаштириш ва очиқлигини таъминлаш юзасидан давлат органлари томонидан макроиқтисодий кўрсаткичлар, давлат бюджети маблағларининг сарфланиши, олтин-валюта ва валюта резервлари бўйича статистик ва таҳлилий маълумотларни мунтазам ва очиқ эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилган.

Натижада мамлакатимиз “Open Data Inventory” – Глобал маълумотлар очиқлиги рейтингида ўз ўрнини сезиларли даражада яхшилади. Агар 2017 йилда Ўзбекистон 167-ўринни эгаллаган бўлса, 2023 йилда дунёнинг 192 та давлати орасида 30-ўринга кўтарилди. 

Макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичини сезиларли даражада оширишга муваффақ бўлди.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2022 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти биринчи марта 80,4 миллиард АҚШ долларига етди. 2023 йил охирига келиб бу кўрсаткич 90,3 миллиард доллардан ошган. 2017 йилда атиги 62,1 миллиард долларни ташкил этган. 

Шунингдек, мамлакатимиз ташқи савдоси ҳажмида ҳам салмоқли ўсиш кузатилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда бу кўрсаткич 50,5 миллиард долларга тенг бўлган. 2023 йил якунига келиб, юртимизнинг умумий ташқи савдо айланмаси 62,6 миллиард долларга етди.

Ислоҳотлар давомида... 

Миллий иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги изчил ислоҳотларни давом эттириш "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида кўзда тутилган устувор йўналишлар ва мақсадларда ҳам ўз аксини топган. Жумладан, стратегияда барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, нуфузли халқаро ташкилотлар ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликни жадаллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида устувор йўналишлар бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш орқали 2030 йилгача миллий иқтисодиётнинг икки баравар ўсишини таъминлаш, мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, глобал ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларига қўшилиш, шунингдек, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга ошириш белгиланган.

Бундан ташқари, Стратегияни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси ва 2023-2024 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш доирасида Ўзбекистоннинг нуфузли халқаро ташкилотлар ва хорижий молия институтлари, жумладан, Жаҳон банки билан фаол алоқалари жадаллашмоқда.

Ўз навбатида, Жаҳон банки ва унинг Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Халқаро молия корпорацияси каби институтлар Ўзбекистон Республикаси билан Жаҳон банки ижрочи директорлари кенгаши томонидан 2022 йилда қабул қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга оширмоқда.

Жаҳон банки Ўзбекистонда мазкур ҳамкорлик дастури мамлакатнинг инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиши, хусусий секторда бандликни ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, иқтисодий ўсишда экологик трансформациясини амалга ошириш каби йўналишларни ўз ичига олади.

Шунингдек, Жаҳон банкининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури қуйидаги йўналишларда техник ва молиявий ёрдам кўрсатишни назарда тутади: давлат корхоналари ва корпорацияларини хусусийлаштириш жараёнида хусусий секторни жалб қилиш учун рақобатбардош ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича ҳукуматнинг мамлакат норматив-ҳуқуқий ва институционал салоҳиятини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, барқарор урбанизация, ҳудудларни ривожлантиришни жадаллаштириш, инсон капиталининг юксалтириш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ва ҳоказо.

2023 йил ҳолатига кўра, Жаҳон банкининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик дастурининг молиявий пакети қиймати 5,22 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 25 та лойиҳани қамраб олган.

Ҳозирги кунда Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар макроиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, қишлоқ ва сув хўжалигини модернизация қилиш, энергетика, транспорт, тиббиёт, таълим ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини такомиллаштириш, инновациялар, статистик ва молиявий тизимларига сармоя киритишга қаратилган.

Бундан ташқари, Жаҳон банкининг лойиҳа портфели соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида миллий стратегияларни амалга ошириш доирасида мамлакат ҳукуматига техник ёрдам ва консультатив-таҳлил хизматларини кўрсатиш бўйича комплекс дастурни ҳам ўз ичига олади.

Таъкидлаш жоизки, Жаҳон банкининг Ўзбекистон макроиқтисодий кўрсаткичларини яхшилашда амалга ошираётган кўмаги молиялаштиришнинг энг самарали йўналиши ҳисобланади. 

Жаҳон банки томонидан молиявий ва моддий ёрдам кўрсатиш динамикаси лойиҳаларни кредитлаш ҳажми сезиларли даражада ошганлигини кўрсатади. Агар 2017 йилда ажратилган молиявий маблағлар ҳажми 444,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 3 баробарга ошиб, 1,2 миллиард долларга етди. Айни пайтда Ўзбекистон Банкнинг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги учинчи йирик бенефициар ҳамкори ҳисобланади.

Бу тенденция мамлакатимиз раҳбариятининг етакчи халқаро молия институтлари билан алоқаларни кенгайтириш орқали иқтисодиётни либераллаштириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, кейинги йилларда Жаҳон банки ва Ўзбекистон расмий делегациялари ўртасида ташрифлар алмашинуви фаоллашгани эътиборга молик. Жумладан, 2022 йилда Жаҳон банки вице-президенти Анна Берде бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюриб, Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказди. Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шерикликни янада кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди. 

Давлатимиз раҳбари 2023 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистонга хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш бўйича амалий чоралар кўришга келишиб олинди. 

Маълумки, Жаҳон банки аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш динамикаси бўйича ўз прогнозларини мунтазам равишда тақдим этиб боради. Хусусан, прогнозларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши 5,6 фоизни ташкил этиб, мазкур ўсиш Марказий Осиёда минтақавий интеграцияни мустаҳкамланиши, шунингдек, бу жараёнда мамлакатнинг ўрни билан боғлиқ бўлади.

Сўнгги йилларда кузатилаётган Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий динамикасидан келиб чиқиб таъкидлаш мумкинки, ушбу ташкилот билан шериклик алоқаларини янада кенгайтириш "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг тегишли мақсадларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Фотиҳжон ҚОДИРОВ, 
“Тараққиёт стратегияси” маркази 
бош мутахассиси.

ЎзА