Корея Ихтирочи аёллари ассоциацияси (KWIA), Корея Интеллектуал мулк офиcи (KIPO) ва Халқаро интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан ўтказилаётган Корея Халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси – “KIWIE-2023” 20 июлдан ўз ишини бошлади.
Халқаро кўргазма ихтирочи аёлларнинг фан ва технология соҳасидаги ютуқлари, тажрибалари ва яратган янги технологияларини ўрганиш, рағбатлантириш мақсадида ўтказилиб келинмоқда. “KIWIE-2023” кўргазмасида 40 дан зиёд давлатдан 400 нафардан ортиқ олима, ихтирочи ва тадбиркор хотин-қизлар техника, технология, тиббиёт, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё ва саноатнинг турли йўналишлари бўйича ўз ихтиролари ҳамда инновацион ишланмалари билан қатнашди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан мамлакатимиз олима аёлларининг ихтиролари Кореяда ўтказиладиган халқаро кўргазма, танлов ва форумда қатнашиш учун тавсия қилинган эди.
“KIWIE-2023”да иштирок этган Ўзбекистон олима аёллари делегацияси аъзолари илм-фанда эришган натижалари ва инновацион маҳсулотларини намойиш қилди. Ўзбекистон олима аёлларининг ихтиролари кўргазмага ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди ва халқаро экспертлар томонидан ҳам ўрганилди.

“KIWIE-2023” халқаро кўргазмасида иштирок этган Ўзбекистон олима аёллари 4 та олтин, 5 та кумуш, 1 та бронза медаль ва тиббиёт, техника, қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича 5 та махсус мукофотни қўлга киритди.
Ўзбекистонлик олима аёллар кўргазмада иштирок этаётган бошқа мамлакатларнинг ихтирочи аёллари ва кореялик тадбиркорлар билан яқиндан мулоқотда бўлди. Улар Корея Ихтирочи аёллар ассоциацияси томонидан ўтказилган семинар ва давра суҳбатларида ҳам иштирок этди. Шунингдек, совриндор олима аёллар Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонасида ўтказилган тадбирда ҳам қатнашди.
Н.Усмонова, ЎзА