Ўзбекистон иқтисодиётига 2025 йил якуни билан 43 млрд доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ва ўтган йилга нисбатан 1.2 баробардан ортиқ ўсишга эришилди. Албатта бу юртимизда инвестицион тўғри сиёсат олиб борилганининг яққол ифодаси. Муҳими инвесторлар учун кейинги йилларда бир қатор қулайликлар ҳам яратиб берилдики, бу омил шаффоф тизим яратилишига асос бўлди. Шу ва соҳадаги янгиликлар, йил сарҳисоби ва келгусидаги режалар хусусида Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги бўлим бошлиғи Мелс Очилов билан суҳбатлашдик.
- Айтинчи бу йилги инвестициялар қайси соҳаларда кўпроқ бўлди?
- Хорижий инвестициялар юқори ўсиш суръатлари тармоқлардан асосан тоғ-кон саноати (ўтган йилга нисбатан 449 млн долларга кўп), сув таъминоти (+274 млн), автойўл қурилиши (+73 млн), фармацевтика (+67 млн доллар) тармоқларида таъминланди.
- Хорижий ва маҳаллий инвестицияларнинг иқтисодиёт ривожига улуши қандай бўлди ва унинг асосий омиллари нимада?
- Хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича яратилган инвестицион муҳит, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларга тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини кўпайтириш, жойларда юқори даромадли иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йил якуни билан 21 млрд долларлик 301 та йирик қувватлар ишга туширилиб, 23 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилиши кутилмоқда.
Масалан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати қиймати 4.6 млрд долларлик “Ёшлик-II” конини ўзлаштиришининг 1-босқичи ишга туширилиши натижасида 2000 та янги иш ўрини яратилди. “Навоий КМК” АЖ томонидан қиймати 733 млн долларлик “Мурунтов” конини ўзлаштирилиши ёки Нукус туманида қиймати 23 млн долларлик радиатор ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси катта инвестиция оқимининг кириб келишига омил бўлди.
Бундан ташқари Кармана туманида қиймати 100 млн долларлик лойиҳа, Давлатобод ва Сардоба туманида 33 млн долларлик мато ва газламаларини гул босишни ва буяшни ташкил этиш лойиҳаси, Чирчиқ шаҳрида 15 млн долларлик пўлат шарлар ишлаб чиқаришни ташкил этилиши, Учкўприк туманида хитойлик инвесторлар иштирокида 11 млн долларлик литий аккумуляторлар лойиҳаси, Урганч шаҳрида 15 млн долларлик дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси албатта бу лойиҳаларни яна давом эттириш мумкин. Лекин энг асосийси ҳудудий инвестиция дастури доирасида жорий йил якуни билан 12.6 млрд долларлик жами салкам 10 мингта лойиҳа ишга туширилиб, 300 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни яратилди.
- Инвестиция соҳасида Ўзбекистонда 2026 йилга мўлжалланган режа ва мақсадлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- Келгуси йилда мамлакатимизга 50 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб этишни олдимизга муҳим мақсад қилиб қўйганмиз. Бироқ бундан буён инвестициянинг миқдоридан кўра, унинг сифати ва натижадорлиги устувор аҳамият касб этади. Ҳар бир жалб қилинадиган доллар, энг аввало, илғор технологияларни олиб кириш ва уларни амалиётга жорий этишга, ташқи бозорда рақобатбардош бўлган, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилиши лозим.
Шунингдек, инвестициялар энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаши, маҳаллий кадрларга замонавий технологиялар асосида билим бериб, меҳнат унумдорлигини оширишга йўналтирилади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, шундай ёндашув билан юқори технологияларни олиб кириб, экспортга ишлайдиган ва янги билим ҳамда тажрибани мамлакатимизга татбиқ этадиган инвесторлар юртимизнинг энг ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорларига айланади.
Бундай стратегик инвесторлар учун лойиҳа амалга ошириладиган ер майдонлари бозор нархида тўғридан-тўғри ажратилади. Ер тоифаси ўзгартирилганда юзага келадиган нобудгарчилик тўловларини эса 10 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имкони яратилади. Шу билан бирга, инвесторлар ер ҳужжатларини расмийлаштириш, ер тоифасини ўзгартириш, қурилиш ишлари ва инфратузилма тармоқларига уланиш бўйича турли идораларга қатнаб юришга мажбур бўлмайди. Бу жараёнларнинг барчаси “ягона дарча” тамойили асосида ишловчи “invest.gov.uz”электрон платформаси орқали амалга оширилади ҳамда барча вазирлик ва идоралар ушбу тизимга интеграция қилинади.
Хуллас келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳисобидан 1 миллион юқори даромадли иш ўринларини яратиш мақсад қилиб қўйилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/KMuNZ-j0cA0" title="O‘zbekistonning investitsion muhiti 43 mlrd dollar sarmoya jalb qildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА