English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг ИҲТга қўшилиши тузилма фаолиятига сезиларли ижобий таъсир кўрсатди (+видео)
10:09 / 2023-11-17

Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, халқимиз турмуш даражаси ва фаровонлигини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада халқаро майдонда юқори нуфузга эга йирик тузилмалар билан ҳамжиҳат олиб борилаётган ислоҳотлар муҳим аҳмият касб этади. Ана шундай ҳамкорларимиздан бири – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан бирга олиб борилаётган самарали ишлар салмоқли натижа беряпти.

Хабарингиз бор, ўтган ҳафтада мамлакатимизда яна бир йирик халқаро тадбир – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) 16-саммити бўлиб ўтди. Анжуман якунида имзоланган ҳужжатлар, Ўзбекистоннинг мазкур тузилмага аъзолиги аҳамияти хусусида ЎзА мухбири Тошкент молия институти кафедра мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Жасурбек Отаниёзов билан суҳбатлашди. 

– Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳақида қисқача маълумот берсангиз. Тузилмага аъзоликдан Ўзбекистон қандай манфаат кўради?

– Эрон, Покистон ҳамда Туркия томонидан 1964 йил дастлаб “Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” номи билан тузилган ташкилот ички минтақавий савдо сусайиб кетиши оқибатида бир муддат фаолиятини тўхтатиб, 1985 йил ҳозирги номи остида қайта ташкил этилди. Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга ИҲТнинг асосий мақсади савдо-иқтисодий алоқани юксалтириш, ҳар бир аъзо мамлакатда аҳоли турмуш тарзини яхшилашга ҳисса қўшиш, иқтисодий ўсишни таъминлашдир.

1992 йил ташкилотга Марказий Осиёнинг беш мамлакати, жумладан, Ўзбекистон, шу билан бирга, Озарбайжон ва Афғонистон ҳам ҳам қабул қилинган. Айни пайт минтақавий иқтисодий ташкилотга 10 давлат аъзо.

Мамлакатимизнинг ИҲТга қўшилиши тузилма фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди. Зеро, Марказий Осиё юрагида жойлашган Ўзбекистон ён атрофдаги давлатлар ва минтақа ривожида муҳим ўрин эгаллайди. Эътиборлиси, ўтган вақт мобайнида давлатимиз томонидан умумий фаолият истиқболига доир кўплаб самарали таклиф, ташаббуслар илгари сурилди. Ҳозирги кунда фаолият доираси янада кенгайган ИҲТ умумий майдони 7 миллион квадрат/километрни ташкил этувчи, қарийб ярим миллиард аҳолига эга иқтисодий жиҳатдан етакчи минтақавий кучга айланган.

Маълумки, глобал иқтисодий ўзгариш, жаҳон бозоридаги тебраниш кенг кўламли иқтисодий интеграцияни тақозо этмоқда. Бу жараёнда бир-бирига яқин жойлашган мамлакатлар ўзаро уйғунлашуви юқори самара беради. Бинобарин, иқтисодий интеграциянинг асосий шартларидан бири айнан минтақавий яқинлик ҳисобланади.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон учун Ўрта ер денгизи, Форс ва Ўмон кўрфази денгиз йўлига кириш имконини кенгайтиради. Натижада ўзаро савдо-инвестиция алоқаси янада мустаҳкамланади.

Ўзбекистоннинг бугунги кундаги йирик савдо ҳамкорлари сифатида ИҲТ давлатлари билан товар айирбошлаш кўрсаткичи бўйича сизда қандай маълумотлар бор?

– Иқтисодий жиҳатдан юқори салоҳиятга эга ИҲТ мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти 2022 йил 2 триллион долларга етди. Экспертлар фикрича, 2017 йилдан кейин Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот доирасида фаоллашуви тузилма фаолияти сезиларли тарзда жадаллашишига замин яратди. Бу жараёнда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ўзига хос ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия муҳим омил бўлди.

2022 йил республикамизнинг аъзо давлатлар билан умумий ташқи савдо айланмаси 12,3 миллиард долларга кўтарилди – бу рақам 2017 йилга нисбатан 2 баробар кўп. Мамлакатимиз ташқи савдосида ташкилот улуши 24,7 фоиз, яъни жами айланманинг тўртдан бир қисмига тенг. Ўтган йил умумий экспортнинг учдан бири – 29,8 фоизи шу давлатлар ҳиссасига тўғри келди. Жорий йил 9 ойи якунига кўра, ИҲТ давлатлари билан маҳсулот ва хизмат айирбошлаш миқдори 9,2 миллиард долларни, аъзо мамлакатларнинг Ўзбекистон умумий товар айланмасидаги улуши 20,5 фоизни ташкил этди. 

ИҲТ билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар қайси соҳа, тармоқ ва йўналишлар ҳисобига ривожланяпти?

– Ҳозирги кунда ташкилотга аъзо давлатлар билан Ўзбекистон ўртасида савдо ва инвестиция, транспорт ва коммуникация, энергетика, кон, атроф-муҳит, қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм, турли лойиҳалар, иқтисодий тадқиқот ва статистика, инсон ресурслари ва барқарор ривожланиш каби йўналишларда фаол ҳамкорлик мавжуд.

Ўзбекистон ИҲТ саммитларида мунтазам иштирок этиб келади. Охирги йилларга эътибор қаратайлик: 2021 йил ўн бешинчи саммит якунида ИҲТга раислик илк бор Ўзбекистонга ўтди. Умуман, ўша анжуманда давлатимиз томонидан жами 8 та долзарб таклиф, ташаббус илгари сурилиб, барча аъзолар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлангани алоҳида эътиборга лойиқ. Айни вақтгача ушбу ташаббуслардан 5 таси тўлиқ амалиётга татбиқ этилди, 3 таси бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

2022 йил бизнинг раислигимизда ИҲТ ўз олдига қўйган мақсадларни самарали амалга оширди. Ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича бир қатор олий даражадаги ва вазирлар учрашувлари муваффақиятли ўтказилди. Аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатлар, хусусан транспорт ва алоқа соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ишлар сезиларли ижобий натижалар берди.

Ўзбекистон раислиги даврида туризм соҳаси ҳам фаол ривожланди. 2022 йил ИҲТ туризм вазирларининг IV йиғилиши юқори савияда ташкил этилди. Бундан ташқари 2022 йил Озарбайжон, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистондан 242 туризм оператори ва сайёҳлик агентлигини бирлаштирган ИҲТ Туроператорлари тармоғи ташкил этилди.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон илк бор ташкилот саммитига мезбонлик қилди. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган анжуманда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида қатор таклифлар ўртага ташланди. Жумладан, Ўзбекистон Ташкилотнинг асосий ҳужжати – “Истиқбол-2025” ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлаган ҳолда, келажак учун устувор соҳа ва тармоқларни белгилаб берувчи “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсади-2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш таклифини билдирди. Ушбу дастурнинг 7 асосий йўналиши доирасидаги муҳим ташаббуслар кўрсатиб ўтилди.

“Биргаликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида ўтган саммитда мамлакатимиз учун шериклар билан савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқани кенгайтириш, жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, минтақадаги транспорт йўлакларини кенгайтириш ва йўллардан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорликка кенг йўл очишга замин яратадиган кўплаб таклиф, ташаббуслар ўртага ташланди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизнинг бундай йирик тузилмалар билан биргаликда олиб бораётган фаолияти замирида давлатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, янги корхоналар ташкил этиш, иш ўринлари яратиш орқали оддий одамлар фаровонлигини таъминлашдек улуғ, эзгу мақсад мужассам.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/-IwC1IY2vH8?si=bNfBGodgJMBlTkoG" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Гўзал Сатторова,

                        Аброр Содиқов

ЎзА