French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси фаолиятида иштирок этишига имконият яратилади
11:24 / 2025-08-02

Сенат ялпи мажлисида “Халқаро метрик Конвенцияга (Париж, 1875 йил 20 май, 1907 йил 17 октябрдаги, 1913 йил 11 октябрдаги ва 1921 йил 6 октябрдаги ўзгартириш ва қўшимчалар билан) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади барча давлатлар учун ўлчовлар бирлигини таъминлайдиган умумий ва ишончли стандартлар яратишдан иборат.

Конвенцияда иштирок этувчи давлатларнинг метрологик стандартлар бирлигини таъминлаш, шу жумладан, эталонлар ва аниқлик шкалаларини солиштириш, геодезик ўлчовларни солиштириш ва калибрлаш, миллий эталонларни халқаро прототиплар эталонлари билан даврий солиштириш ҳамда халқаро прототипларни сақлаш каби муҳим масалалар назарда тутилган. 

Сенаторлар қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси фаолиятида фаол иштирок этиши, овоз беришига имконият яратишини қайд этди. 

Шунингдек, бу Бюронинг илмий ва техник лабораторияларидан фойдаланиш ва етук мутахассисларнинг малакаларини оширишга замин яратади. Бундан ташқари, унга аъзо бўлиш мамлакатнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш, инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бюрога аъзо давлатлар ўртасидаги навбат асосида Бюро лабораторияларида эталонларни қўшимча харажатларсиз калибрлашдан ўтказиш ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши йўлида ташқи савдо алоқаларини олиб боришда техник тўсиқларни бартараф этиш имконини беради. 

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Н.Абдураимова,

Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА