Миллий матбуот марказида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон стандартлар институти томонидан Халқаро стандартларни қабул қилиш ва уни соҳаларга кенг жорий этишнинг долзарблиги юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълумки, Жаҳон савдо ташкилоти давлатлараро кўп томонлама савдо тизимини мувофиқлаштириб турувчи нуфузли халқаро тузилмадир. Дунё савдосининг 95 фоизи унга аъзо 164 та мамлакат ҳиссасига тўғри келади.
– Илгари мамлакатимиз экспортининг ярми пахта толасига тўғри келарди. Унинг экспортидан тўлиқ воз кечилгандан кейин, тайёр кийим-кечак экспорти 4 баравар кўпайди, – дейди Ўзбекистон стандартлар институти директори Абдурауф Абдуқаюмов. – Ўтган йил натижаларига кўра, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 3 миллиард 300 минг долларни ташкил этди. 2021 йилда Ўзбекистон GSP+ тизимига қўшилгани натижасида Европа бозорига тайёр маҳсулот экспорти 1,5 баравар ошди. Ташқи савдода тайёр маҳсулот экспортини кўпайтиришда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш янада кенг имкониятлар очади. Шу боис Ўзбекистон 2019 йилдан бу халқаро тузилмага аъзолик жараёнини янгидан бошлаган эди. Бу борада стандартлаштириш соҳасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган икки йилда 4,5 мингга яқин халқаро стандартлар билан уйғунлашган стандартлар қабул қилиниб, “Тартибга солувчи гильотина” усулида умумий ҳисобда қарийб 4 мингта маънан эскирган стандартлар бекор қилинди.
[gallery-25456]
Шу билан бирга, амалдаги стандартларни ЖСТ талабларига мослаштириш юзасидан тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалар таклифларига асосан кўриб чиқиладиган амалдаги 3 094 та стандарт таҳлили ўтказилди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) техник қўмиталари фаолиятида 40 нафар мутахассис “тўлақонли”, 251 нафар мутахассис “кузатувчи” мақомида иштирок этиши таъминланган. Натижада, ISO техник қўмиталари фаолиятида мутахассислар томонидан бугунги кунга қадар 10 та техник қўмита доирасида 6 та лойиҳа кўриб чиқилди, 30 га яқин лойиҳа ўрганиб чиқилмоқда.
Давлатлараро техник қўмита (МТК)ларида фаолият юритувчи 94 та техник қўмиталардаги миллий техник қўмиталарининг доимий аъзолари сони 148 нафарга етказилди. Натижада, базальт маҳсулотлари учун Ўзбекистон манфаатларини МДҲ давлатлари орасида ягона техник қўмита сифатида илгари суриш, давлатлараро стандартларни ишлаб чиқиш бўйича ваколатлар берилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 28 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими ишлаб чиқилиб, tris.uz электрон манзилида ишга туширилди.
Ушбу миллий ахборот тизими жами 12 та асосий модулдан иборат бўлиб, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, аккредитациялаш ва давлат назорати йўналишларида барча жараёнларни рақамлаштириш, қоғоз шаклдаги ҳужжатлардан воз кечиб, барча сертификат, хулоса, баённома, хабарнома ва шу каби бошқа ҳужжатларни QR-код ёрдамида электрон расмийлаштиришга хизмат қилади.
Натижада, миллий ахборот тизимининг аттестация модули тўлиқ ишга туширилган бўлиб, бугунги кунда 1 минг 425 нафар соҳа мутахассисларидан 1 минг 274 нафари (89 фоиз) аттестациядан ўтди. Бундан ташқари, Sensorica корхонасининг “Смарт” сунъий интеллект дастури асосида таржима қилиш платформасини жорий қилиш ишлари бошланиб, тегишли техник топшириқ лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Охирги икки йилда Ўзбекистон стандартлар институти халқаро ва минтақавий стандартлаштириш соҳасида мамлакатнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор стратегик ташаббусларни амалга оширди.
Стандартлаштириш, метрология, сифат менежменти ва сертификатлаштириш соҳаларида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича МДҲ иштирокчи давлатларининг Бош ташкилоти — Россия стандартлаштириш агентлиги таркибидаги “Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш академияси” (АСМС) билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари шакллантирилди.
Ҳозирги вақтда ушбу йўналишларда мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистон – Россия академиясини АСМС билан ҳамкорликда ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, 2023-2025 йиллар давомида Ўзбекистон стандартлар институти ва Германиянинг асосий муассасалари – Федерал метрология институти (PTB) ҳамда Германия стандартлаштириш институти (DIN) ўртасидаги барқарор ҳамкорлик доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, институционал салоҳиятни ривожлантириш ва миллий стандартлаштириш тизимини илғор халқаро амалиёт билан уйғунлаштиришга йўналтирилган комплекс тадбирлар амалга оширилди.
Натижада ISO/IEC талаблари ва халқаро нормаларга мос равишда миллий стандартлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича хулоса ва тавсиялар тайёрланди.
Ш.Маматуропова, О.Пардаев (сурат), ЎзА