French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг глобал саммитларга мезбонлиги минтақа ҳамкорлигини кенгайтирмоқда
12:52 / 2023-01-29

ЎзА мухбири Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этган Покистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Али Асад Ғилонийнинг фикрларини ёзиб олди:

– Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-йиғилишига муваффақиятли мезбонлик қилди, тадбир ташкилий жиҳатдан юқори даражада ўтди.

Бугунги кунда Ўзбекистон минтақада ўзаро боғлиқликни таъминлаш бўйича, шубҳасиз, етакчи. Хусусан, ИҲТ доирасида, аввало, Ашхобод саммитида кўтарилган барча ташаббуслар, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақада марказий давлатга айлангани Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатни кескин ижобий томонга ўзгартирди.

Шарқий – Ғарбий ҳамда Шимолий – Жанубий боғлиқлиқ таъминланишига эришилмоқда. Бу борада “Қирғизистон – Ўзбекистон – Хитой” темир йўли муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур йиғилиш доирасида савдо, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, туризм ва бошқа йўналишларда илгари сурилган муҳим ташаббуслар ИҲТ доирасидаги амалий ҳамкорликка кучли суръат бағишлайди. Умуман, Ўзбекистоннинг глобал даражадаги саммитларга мезбонлиги минтақамиз ҳамкорлигини сезиларли даражада кенгайтирмоқда, деган фикрдаман.

Бу галги учрашувда ҳам минтақавий ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

2022 йил Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “ИҲТда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши бежиз эмас, албатта. Мазкур қарор ташкилот доирасидаги ҳамкорликка янгича суръат бахш этди. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича юқори даражадаги мулоқот платформаси яратилганини маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги алоқаларга оид истиқболли режалари, менимча, минтақа тараққиёти суръатини кескин оширади.

Ўзига хос тарих, маданиятга эга минтақамиз айни пайт янада жипслашиб, интеграциялашмоқда. Мен бу борада Ўзбекистоннинг роли жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Мамлакатингизга муваффақиятли раислик учун яна бир бор миннатдорлик билдираман.

Б.Худойбердиев ёзиб олди.

ЎзА