Маълумки, 4 ноябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммити бўлиб ўтди. Айтиш керакки, мазкур саммит глобал ижтимоий тараққиёт йўлида муҳим платформа вазифасини ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу саммитда иштирок этиб, нутқ сўзлади ва бир қатор глобал ташаббусларни илгари сурди.
Мазкур ташаббусларнинг аҳамияти, мазмуни ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Дилдора Камолова ўз муносабати ва мулоҳазаларини гапириб берди:
– Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммити айнан Доҳа шаҳрида бўлиб ўтгани бежиз эмас. Чунки Доҳа глобал инновациялар маркази бўлиши билан бирга, ижтимоий инклюзив марказга айланмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳам ушбу саммитда иштирок этиб, нутқ сўзлади. Бу нутқни иккита асосий қисмга ажратиш мумкин. Биринчи қисмда бевосита Ўзбекистода янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган ижтимоий давлат принципидан келиб чиққан ҳолда бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, юртимизда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартирилганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу эса мамлакатимизда фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаш ва ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган чораларнинг амалий ифодасидир.
Нутқнинг иккинчи қисмида эса муҳим ташаббуслар, таклифлар илгари сурилгани бутун жаҳон ҳамжамиятига қаратилган муайян маънодаги чақириқ бўлди, дейиш мумкин.
Жумладан, бандликни таъминлашга оид ташаббусга тўхталсак, аввало, бу борадаги рақамларга эътибор қаратиш лозим бўлади. Яъни, 2024 йилда глобал ишсизлик даражаси 5 фоизни ташкил этган. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари томонидан ишсизликни қисқартириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Биламизки, бугунги кундаги энг глобал муаммо бу экология, атроф-муҳитнинг ифлосланиши масаласи. Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги ташаббуси ҳам айнан экология муҳофазаси билан боғлиқ бўлди. Яъни, Оролбўйи минтақасида янги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш моделини яратиш ташаббуси илгари сурилди.
Умуман, ушбу ташаббусларнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий аҳамияти алоҳида ўрин тутади. Бу ташаббуслар барча давлатларнинг камбағалликни қисқартириш, ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақириқ эканлиги билан аҳамиятлидир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/PpwA210k3uU?si=Z_k2rSFbu5gVw9kC" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Анвар Аҳмедов (видео),
ЎзА