Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ҳамкорлиги минтақавий ривожланиш, иқтисодий интеграция ва барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳамкорлик туфайли икки томон ҳам савдо, инвестиция, экологик барқарорлик, технология ва рақамли трансформация каби соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгариши ва глобал экологик таҳдидларга қарши самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳам томонлар учун устувор вазифалардан бири.
Тошкентда ўтказилган “Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” учинчи иқтисодий форумида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Акрам Алиев томонлар ҳамкорлиги юзасидан ўз муносабатини билдирди.
– Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари Европа Иттифоқи ва ғарб давлатлари, хусусан, Америка Қўшма Штатлари учун қизиқарли минтақавий нуқтага айланиб қолмоқда. Бунинг биринчи жиҳати шундаки, геосиёсий вазиятлар, яъни катта давлатлар ўртасидаги рақобат минтақамизга катта эътибор қаратилишини тақозо қилмоқда. Иккинчиси эса минтақамиз ривожланишнинг янги палласини бошдан кечирмоқда.
Масалан, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот сўнгги бир неча йилда икки баробар ўсди. Қўшни давлатлар ҳам катта иқтисодий имкониятларга эга. Мамлакатларимизда иқтисодий ўсиш жуда сезиларли ва бу бизнинг яқин қўшничилик, дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик сиёсати билан уйғунлашиб, минтақамизни катта бозор сифатида шакллантирмоқда.
Шу боис, бугунги кунда Европа Иттифоқи давлатлари билан стратегик соҳаларда, хусусан, критик минераллар, “яшил” энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика каби йўналишларда аниқ лойиҳалар ва ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Бу соҳаларда катта қизиқиш бор. Олдинги йилларда ривожланган давлатлардан инвесторлар бундай форумларда иштирок этган бўлса, бугун уларнинг географияси сезиларли даражада кенгайган.
Таъкидлаш жоизки, бундай ҳамкорлик алоқалари бевосита Президентимиз ташаббуслари ва амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ. Словения, Словакия, Финляндия, Венгрия каби мамлакатлар давлатимиз раҳбарининг ташрифлари ёки уларнинг Ўзбекистонга келиши натижасида бизнес учун катта туртки бўлди.
Ҳозирги кунда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқининг савдо айланмаси деярли 60 миллиард долларга етди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан савдо айланмаси 6 миллиард доллардан ошди. Мамлакатимизда мингдан зиёд компаниялар Европа Иттифоқи капитали иштирокида фаолият юритмоқда. Кейинги йилларда бундан ҳам кўпроқ ўсиш кутилади. Чунки бунга томонлар ўртасида пухта замин яратилмоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.