"Кўксарой" қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Ўзбекистоннинг бой табиий ресурсларини ўзлаштиришда катта имкониятлар мавжуд. Хабарингиз бор, мамлакатимиз олтин захиралари бўйича дунёда 2-ўрин, мис бўйича – 7-ўрин, вольфрам бўйича – 8-ўрин, кумуш бўйича – 9-ўрин, уран бўйича – 12-ўринни эгаллайди.
–Фойдали қазилма конларини ўзлаштириш соҳасига йирик инвестицияларни жалб этиш мақсадида геологик маълумотларни очиқ эълон қилдик. 10 дан ортиқ турдаги стратегик фойдали қазилмаларни ўзлаштириш учун солиқ ставкаларини пасайтирдик, ер солиғини бекор қилдик, махсус техникаларни божхона тўловларидан озод этдик,– деди давлатимиз раҳбари. –Биз хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича аниқ лойиҳаларни тайёрладик. Биргина мисол. Ўзбекистонда йилига 150 минг тонна мис қазиб олинади ва унинг атиги 70 минг тоннаси қайта ишланади.
Яқин йилларда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 500 минг тоннага етказамиз. Шу муносабат билан мис кластерини барпо этишга киришдик. Унинг ҳудудида мис фольгаси, электродвигателлар, қуёш панеллари, кабель-ўтказгич маҳсулотлари ва бошқа юқори қўшилган қийматли товарларни
ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошира бошладик. Бундан ташқари, электромобилларни ишлаб чиқариш тармоғига асос солиш ниятидамиз.
Президентимиз инвесторларни ушбу йўналишларда амалий ҳамкорлик қилишга даъват этди.
ЎзА