Ўзбекистон элчихонаси жорий йил 23 ноябрь куни Покистон ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган “Charity Bazaar” хайрия фестивалида иштирок этди.
Мазкур анжуман ушбу давлатда фаолият юритаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, турли халқлар бой тарихи ва маданий мероси, туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида мунтазам равишда ташкил этилади.

Навбатдаги тадбирда Исломобод шаҳрида рўйхатдан ўтган дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва маҳаллий ҳунармандлар ўз кўргазма бурчаклари билан қатнашди.
Ўзбекистон айвони миллий услуби, бадиий безаги, ўзига хос таомлари, ширинликлар, ҳунармандлик маҳсулотлари, халқ амалий санъати намуналари, мусиқа асбоблари ҳамда либослар кўргазмаси билан иштирокчилар эътиборини тортди. Палов, манти, сомса, лағмон каби ўзбек таомлари, ҳолва, чак-чак каби ширинликлар ташриф буюрувчилар томонидан юқори баҳоланди.

Мамлакатимиз бурчагида ўзбек миллий мусиқалари янграб тургани тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди. Андижон полькаси ва Лазги рақслари маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар ҳайратини оширди.
15 000 га яқин иштирокчи, жумладан ташкилотчилар, дипломатик миссиялар ходимлари ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари халқимизнинг тарихий ва маданий мероси ноёблиги, ҳунармандлик буюмлари бежиримлиги, миллий таомларимиз бетакрорлигини алоҳида эътироф этдилар.

Тадбирда бош меҳмон сифатида қатнашиб, Ўзбекистон павильони билан шахсан танишган Покистон Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар бундай тадбирлар маданий дипломатия ва икки томонлама ҳамкорлик ривожида муҳим аҳамият касб этишиини қайд этди.
– Ўзбекистон ва Покистон умумий тарихий ва маданий илдизлар билан чамбарчас боғланган, – деди у. – Бундай фестиваллар халқларимиз, хусусан ёшларимизни янада яқинлаштиради, уларни умумий тарихимиз ва қадриятларимиз билан яқиндан таништиради. Шунингдек, барчамизни дўстлик ва ҳамкорлик руҳи билан олдинга ҳаракатланишга ундайди.

Таъкидлаш жоиз, Туркия, Хитой, Малайзия, Тунис, Озарбайжон, Вьетнам, Туркманистон, Чехия, Индонезия, Фаластин, Сурия, Япония, Филиппин, Марокаш, Яман, БАА каби мамлакатларнинг Покистондаги элчилари, мезбон мамлакат ТИВ мутасаддилари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам миллий қадриятларимизга ўзгача ҳавас билан муносабатда бўлишди.
Ўзбекистоннинг Покистондаги туризм элчиси Ҳамид Маҳмуд “Charity Bazaar” хайрия фестивали турли халқлар миллий қадриятлари, урф-одатлари, ошхонаси, халқ ўйинларини тарғиб этиш баробарида, кўмакка муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам қаратилганини таъкидлади.

– Ўзбекистоннинг мазкур лойиҳада иштироки, шунингдек халқингизнинг гўзал анъаналари, тарихи, турмуш тарзи, қадриятлари ва энг муҳими ўзбек миллий ошхонаси тақдимоти алоҳида аҳамиятга эга, – деди у. – Покистон аҳолиси ва меҳмонлари мамлакатингиз тақдимотидан чексиз таассурот олишди. Туризм элчиси сифатида бугунги тадбир Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти тарғиботи йўлида навбатдаги дадил қадам бўлганини таъкидлашим керак. Бундай анжуманлар ўзаро сайёҳлар оқимини тезлаштиради, маданий алоқаларни рағбатлантириб, дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди.
Тадбир доирасида ўтказилган “Халқлар паради” ҳамда концерт дастурида элчихона ходимларининг фарзандларидан иборат ижодий гуруҳ “Андижон полькаси” рақсини маҳорат билан ижро этди. Болажонларнинг чиқишлари барчага кўтаринки кайфият улашди. Эътиборлиси, жуда кўп томошабинлар ўзбек мусиқаси садосига жўр бўлиб, ўғил-қизлар билан бирга ўйинга тушди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистоннинг “Charity Bazaar” хайрия фестивалидаги иштироки юртимиз маданиятини мазкур ҳамкор давлатда янада кенг тарғиб қилиш, маданий дипломатия орқали мезбонларнинг Ўзбекистон ҳақидаги хабардорлигини оширишга хизмат қилди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА