Дунёга машҳур халқаро нашр – “The Lancet” тиббиёт журналида юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ҳамда муолажаси бўйича жаҳон миқёсида эришилган ижобий натижалар ва глобал муаммолар таҳлилига бағишланган мақола эълон қилинди.
Унда сайёрамизда саратонга чалинган болаларнинг 30 фоиздан кам қисми омон қолиши, ўроқсимон ҳужайрали анемия хасталиги бўлган гўдакларнинг эса ярми беш ёшга етмай вафот этиши қайд этилган.
Шундай мураккаб вазиятда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, кадрлар ва инфратузилмани мустаҳкамлаш, беморлар парвариши бўйича ягона ёндашувни таъминлаш орқали катта натижаларга эришилаётгани эътироф этилган.
Хусусан, мақолада "2025-2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилингани тилга олинган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида Болалар саратони бўйича халқаро академик хаб ташкил этилишига юқори баҳо берилган.
Эслатиб ўтамиз, 25 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясининг олий даражадаги ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, St.Jude болалар тадқиқот шифохонаси ҳамда "Zamin" фонди ҳамкорликда "Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат" мавзусида ўтказилган тадбирда ҳам мамлакатимизнинг бу борадаги тажрибаси эътироф этилганди.
М.Қосимова, ЎзА