Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турибди. Мазкур ташриф доирасида давлатимиз раҳбари қатор учрашувлар ўтказди. Яна бир неча соатдан сўнг Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан нутқ сўзлаши кутиляпти.
Ўзбекистон БМТ доирасида амалга оширган ишлар, Президентимиз томонидан ташкилот сессияларида илгари сурилган ғоялар ва ушбу ташаббусларнинг мазмун моҳияти ҳақида Тошкент давлат шарқшунослик университети “Халқаро муносабатлар” кафедраси мудири, сиёсий фанлар доктори, доцент Суҳроб Бўронов ЎзАга қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Эътироф этиш жоиз, давлатимиз раҳбари томонидан БМТ 78-сессиясида илгари сурилган 2024 йил Ўзбекистонда Осиё аёллари форуми ва “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифлари фаол қўллаб-қуватланган эди. Ўтган йил ушбу икки йирик тадбир мамлакатимизнинг тарихий манзиллари – Самарқанд, Тошкент ва Хива шаҳарларида юқори савияда ташкил қилинди. Айниқса, БМТ Бош Ассамблеяси мамлакатимиз саъй-ҳаракати ва дунё давлатлари қўллаб-қувватлаши билан “Марказий Осиё экологик таҳдидлар қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” номи остида резолюция қабул қилиши республикамизнинг БМТдаги “овози” муҳим аҳамият касб этаётгани ёрқин намунасидир.
Алоҳида урғу бериш жоиз, 2024 йил Ўзбекистон тарихида биринчи марта БМТнинг муҳим органи – Иқтисодий ва ижтимоий кенгашга сайланди. Бу воқеа Президентимиз раҳбарлигида барча жабҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар халқаро ҳамжамият, хусусан БМТга аъзо 200 га яқин давлат томонидан чуқур эътироф этилаётганидан далолат.
Шу йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан “Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги” резолюциясини, 7 июнь куни эса Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ишлаб чиқилган “Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни” номли резолюцияни бир овоздан маъқуллади. 80 дан зиёд, жумладан Арманистон, БАА, Баҳрайн, Беларусь, Эрон, Индонезия, Кувайт, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Қатар, Россия Саудия Арабистони, Туркия, Венгрия ва Марказий Осиёнинг барча давлатлари ҳаммуаллифлик қилган мазкур ҳужжат Ўзбекистон раҳбариятининг БМТ БА 78-сессияси (2023 йил) ва ШҲТ Самарқанд саммити (2022 йил)даги умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик руҳини юксалтириш зарурлиги, конструктив ҳамкорликка интилиш, шунингдек тинчлик, барқарор фаровонликка эришиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатини сафарбар қилиш тўғрисида билдирилган қарашларни концептуал тарзда акс эттирган.
2024 йил 13 август куни Нью-Йоркдаги БМТ Бош қароргоҳида Бош Ассамблея бир овоздан “Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорлар барпо этиш, дарахт экиш ва ушбу жараённи тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими” резолюциясини қабул қилди. Қувонарлиси, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган, шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини кўкаламзорлаштириш орқали биология хилма-хиллигини сақлаш ва тиклашга қаратилган “Яшил макон” миллий дастури концепцияси асосида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжатда давлатимиз раҳбарининг 78-сессия ва Иқлим бўйича 28-конференцияда иқлим ўзгариши ва ер деградациясига қарши самарали курашиш бўйича билдирган асосий таклифлари ифодасини топган. Резолюцияга 100 дан ортиқ аъзо давлат ҳаммуаллиф ҳисобланади.
Мазкур ижобий анъана жорий йил ҳам давом этиб, БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан 29 апрелни Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни, деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Орадан кўп вақт ўтмай, яна бир тарихий ҳужжат маъқулланди: 2027-2036 йиллар Ўрмонзорлаштириш ва Ўрмонни тиклаш Декадаси сифатида эълон қилди. Бу ташаббусни 80 дан ортиқ давлат қўллаб-қувватлади. Мазкур резолюция Ўзбекистон Президентининг “Яшил макон” ва “Марказий Осиё Яшил камар” лойиҳалари асосида яратилганини таъкидлаш ўринли.
2025 йил ҳам мамлакатимиз учун муҳим ва ижобий янгиликларга бой ўтмоқда. Айнан жорий йил Ўзбекистон илк бор БМТ Статистика комиссияси аъзолигига сайланди. Сирасини айтганда, 2018-2025 йиллар мобайнида давлатимиз томонидан илгари сурилган 13 резолюцияни Бош Ассамблея бир овоздан қабул қилди. Бу Ўзбекистон ташаббуслари нафақат БМТ доирасида эътироф этилаётгани, балки ўзбек дипломатияси фаолияти халқаро ҳамжамият томонидан юқори даражада баҳоланаётганига яққол далилдир.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди.