French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг барқарор экологик келажагини яратишга қаратилган дастурий ҳужжат
14:30 / 2025-05-19

Охирги йилларда мамлакатимизда экологик ислоҳотлар шунчаки сиёсий баёнотлар эмас, балки амалдаги кенг қамровли ҳаракатга айланиб бормоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши том маънода тарихий воқеа бўлди.

Ҳужжатда нафақат стратегик йўналишлар, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаётига таъсир этувчи амалий чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, ушбу концепция мамлакатнинг барқарор ривожланиши, экологик хавфсизликни таъминлаш, аҳолида атроф-муҳитга нисбатан онгли муносабатни шакллантириш, табиат олдидаги масъулиятни оширишга қаратилган.

"Яшил макон" – экологик маданиятни амалда шакллантирадиган лойиҳа

Жамиятда экологик маданият анъанавий тарзда оила, жамият ва таълим орқали шаклланиб келган. Аммо глобал экологик муаммолар фонида бу ёндашув етарли эмаслиги аён бўлди.

Экологик маданиятни оширишдаги энг катта амалий ташаббуслардан бири – бу “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳисобланади. Мазкур ташаббус доирасида ҳар йили миллионлаб дарахт ва буталар экилиб, шаҳарлар ва қишлоқлар яшил ҳудудларга айлантирилмоқда. Бу нафақат ҳавони тозалаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашишда, балки аҳолида экологик маданиятни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Махсус тарзда ташкил этилган ҳашарлар, мактаб ва олийгоҳларда ўтказилаётган кўчат экиш акциялари ёш авлодни атроф-муҳитга нисбатан масъул бўлишга ундаб келмоқда. Бу жараёнга аҳолининг барча қатлами бирдек иштирок этмоқда.

Маҳаллаларда экологик тозалик

Йиллар давомида шаҳар ва қишлоқларда чиқиндилар билан боғлиқ масалалар фақат санитария нуқтаи назаридан кўрилган. Аммо эндиликда бундай ёндашув ўзгармоқда.

Концепциядаги муҳим йўналишлардан яна бири – маҳаллаларни чиқиндилардан тозалаш ва уларни мунтазам назорат қилиш тизимини яратиш.

Бу йўналишда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси каби ташкилотлар кенг жалб этилиб, аҳоли ўртасида ташландиқсиз ҳаёт тарзини тарғиб қилувчи акциялар ва ўқув-семинарлари ўтказилади.

Бу орқали фуқаролар чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва экологик тозаликни сақлаш маданиятини ўзлаштириш имкониятига эга бўлади.

Эковолонтёр ёшлар ҳаракати

Экологик маданиятни юксалтиришда ёшларнинг иштироки алоҳида ўрин тутади. Айниқса, олий таълим муассасалари талабалари томонидан ташкил этиладиган эковолонтёрлар ҳаракати бу борада амалга оширилаётган ишларда муҳим бўғин вазифасини бажаради.

Эковолонтёрлар фаолияти доирасида дарахт экиш, тозалик акциялари, экологик флешмоблар ўтказилади ва аҳоли орасида соҳага оид фойдали маълумотлар тарқатилади. Бу ҳаракат нафақат талабаларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантиради, балки бутун жамиятни ижобий ўзгаришлар сари етаклайди.

Ўзбекистон Экологик партияси – ташаббусларнинг марказида

Концепция доирасидаги ҳар бир амалий ҳаракат ортида маълум даражада сиёсий ирода ётади. Мана шундай сиёсий кучлардан бири — Ўзбекистон Экологик партияси.

Партия фаоллари концепция доирасида амалга ошириладиган барча ташаббус ва ислоҳотларда фаол иштирок этади. Партия вакиллари томонидан қонунчилик ташаббуслари, жамоатчилик назорати ва аҳолини экологик ҳуқуқий билимлар билан таъминлаш бўйича қўлланмалар ишлаб чиқилади.

Партия ташаббуси билан кўплаб ҳудудларда экологик сессиялар, жамоат эшитувлари ўтказилади, “экологик маҳалла” ва “яшил ўртоқлик” каби дастурлар жорий этилади. Бу орқали аҳолининг экологик масалаларга нисбатан муносабатини янада фаоллаштиришга эришиш мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, 2030 йилгача аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган концепция – Ўзбекистоннинг барқарор экологик келажагини яратишга қаратилган дастурий ҳужжатдир.

Агар бугун ҳар биримиз камида бир дарахт эксак, чиқиндини сараласак, фарзандларимизни табиатни севишга ўргатсак, демак бу концепция қоғозда эмас, амалдаги самарали норматив ҳужжатга айланади.

Пировард натижада “Яшил макон” лойиҳаси, эковолонтёрлар ҳаракати ва маҳаллалардаги амалий тадбирлар нафақат атроф-муҳитни яхшилайди, балки бутун жамият онгини ўзгартиришга хизмат қилади.

Айнан мана шу масъулиятни ўз зиммасига олган Ўзбекистон Экологик партияси концепцияни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида фаол иштирок этади.

Севара ФАЙЗИЕВА,

Ўзбекистон Экологик партияси 

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси.

ЎзА