Иқтисодиёт ва молия вазирлигида “Узоқ муддатли кам углеродли ривожланиш имкониятлари ва йўллари” номли ҳисоботнинг якуний тақдимоти ўтказилди.
Маҳаллий ва хорижий мутахассислар, экспертлар иштирок этган тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги лойиҳа координатори Анастасия Александрова сўзга чиқиб, мамлакатда кам углеродли ривожланишнинг зарурати ва аҳамияти ҳамда бу борадаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, Жаҳон банки томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланган ушбу ҳисобот Ўзбекистонда кам углеродли ривожланиш йўналишидаги истиқболлар ва имкониятларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Унга асосан тадбирда мамлакатнинг 2055 йилгача кам углеродли ривожланиш мақсадларига эришиш учун зарур чора-тадбирлар, тармоқлар кесимидаги инвестиция имкониятлари ва молиялаштириш механизми муҳокама қилинди.
Экспертларнинг фикрига кўра, кам углеродли ривожланиш иқтисодиёт ва ижтимоий фаолиятнинг углерод чиқиндиларини минималлаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган стратегик ёндашувдир. Кам углеродли ривожланиш орқали мамлакатлар иқлим ўзгариши хавфини камайтириб, барқарор иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонликка эришиш имкониятига эга бўлади. Бу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, инвестиция ва сиёсатлар мамлакатнинг углерод нейтраллиги мақсадларига эришишини таъминлайди ҳамда келгусида экологик барқарор ривожланишни кафолатлайди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчи директори Анвар Насриддинов мамлакатнинг 2055 йилга қадар кам углеродли ривожланиш мақсадларига эришиш учун тармоқлар кесимидаги инвестиция режасини ишлаб чиқиш бўйича тақдимот қилди.
Шундан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутахассислари томонидан “Ўзбекистон Республикасини 2055 йилгача кам углеродли ривожлантириш ва углерод нейтраллигига эришиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси борасида маълумот берилди.
Тадбир якунида иқтисодиёт тармоқлари таҳлили, кам углеродли ривожланиш йўллари ва имкониятлари, углерод нейтраллигига эришиш учун молиялаштириш имкониятлари, тармоқлар учун мақсадли кўрсаткичлар ҳамда амалга оширилиши бўйича фикр алмашилди, шу йўналишдаги кейинги қадамлар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА