Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонни юракдан севган олим эди
21:22 / 2022-02-10

Атоқли қадимшунос олим Эдвард Васильевич Ртвеладзе ўзбекчада равон сўзламаса-да, руҳияти, ички дунёси "ўзбеклашиб" кетган, самимияти, одамгарчилиги ўзбекона инсонлардан эдилар.

Археология фани анча мураккаб, тадқиқотчи сал билмай қадам қўйса, чалкашликлар сари адашиб кетадиган фан аслида. Лекин шундай мураккаб фанни сувдек ичиб юборган, Ўзбекистонни, унинг қадимий ва бой тарихини, халқини жуда ардоқловчи инсонлардан бири эди домла.

Кўпинча археология, тарих, умуман, қадимшуносликка оид анжуманлар, тақдимотлар давомида кимдир Эдвард акага ҳовлиқиб она тилимизда савол берса ёки мурожаат этса ҳам, унинг фикрини тўлақонли тушунар, шошилмасдан, равон, лўнда тарзда жавоб қайтарар эдилар. Олимлик мартабаси, боз устига жаҳоннинг бир қатор нуфузли университетларининг фахрий профессори, дунёнинг кўплаб обрўли аудиторияларида Ўзбекистоннинг қадимий тарихига оид маърузалар ўқиган бўлса-да, кибрга, манманликка берилиш унга мутлақо бегона эди.

Маълумотларга кўра, Эдвард Василевич Ртвеладзе 1942 йили 14 май куни Грузиянинг Боржоми шаҳрида туғилган.

Ўзбекистонни сизу биздан кам севмайдиган устоз археолог мамлакатимиз Фанлар академиясининг академиги, тарих фанлари доктори, профессор эдилар.

Унинг фидойилиги, ўта камтарлиги, меҳнат ва заҳматдан, машаққатли изланишлардан чўчимаслиги, одамшавандалиги кўплар каби мени ҳам доим ҳайратга соларди. Ахир қадимий шаҳристонлар, тарихий объектлар, нураб кетган меъморий обидаларда қирқми-эллик, эҳтимол ундан ҳам юқори даражали жазирамада, об-ҳавонинг турлича вазиятида қўлига белкурак олиб қазишма ишларини олиб боришга ҳар кимнинг ҳам иродаси етавермайди-ку! Бироқ Эвдард Васильевич бундай машаққатдан сира чўчимас эди! Бирон тарихий мавзу, тақдимоти бўлган қимматли илмий манба тўғрисида домланинг уй телефонига қўнғироқ қилишга тўғри келиб қолган пайтлар ҳам кўп бўлган. Бироқ Эдвард ака доим суҳбатдошига гўё минг йиллик қадрдонидек самимий муносабатда бўлар, тушунмаган жиҳатларни батафсил сўзлаб беришни сира канда этмасди.

Қадимшунос олим 1967 йилда ҳозирда Ўзбекистон Миллий университетида, ўз пайтида эсаТошДУ деб аталган олийгоҳни тамомлаган эди. Ўша йилдан Ўзбекистон санъатшунослик илмий тадқиқот институтида илмий ходим бўлиб фаолият бошлаганди. Устоз археологнинг илмий фаолияти Ўрта Осиёнинг қадимий ва ўрта асрлар тарихи, археологияси, нумизматикаси, эпиграфикаси, санъати, маданияти тарихини ўрганишга бағишланган.

Ўрта Осиё, Кавказ, Кипр, Япония ва Францияда олиб борилган 80 дан ортиқ илмий археологик экспедициялар иштирокчиси эдилар домла. Э.Ртвеладзе кўпгина археологик ёдгорликларни пухта олиб борган, соғ-бетоблигига қарамай, улар тарихи, ривожланиш босқичлари бўйича текширувлар ўтказган.

Маълумотларга кўра, Ртвеладзе домла раҳбарлигида Тоҳаристон экспедицияси томонидан Кампиртепада олиб борилган қазишмалар натижасида археологик амалиётда биринчи марта Кушонлар даврига оид қадимий шаҳар харобаси тўлиқ очилганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Унинг раҳбарлиги остида шаҳарлар ва таниқли давлат арбоблари юбилейларига бағишланган жамоавий монографиялар, шу жумладан, "Амир Темур жаҳон тарихида", "Хива — минг гумбазли шаҳар", "Шаҳрисабз", "Термиз", "Жалолиддин Мангуберди" ва бошқа илмий рисолалар, китоблар тайёрланган.

Инсоф билан айтганда, Марказий Осиёнинг қўҳна тарихини кўпларимиздан кўра яхшироқ билар ва буни ҳеч кимга писанда этмасди Эдвард домла. Устоз Ртвеладзе 1985 йилда Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати бўлган.

Истиқлол йилларида "Буюк хизматлари учун" (2001), "Меҳнат шуҳрати" (2003) орденлари ва Грузиянинг "Гирсебис" ("Рицарлик шарафи") (2001) ордени билан мукофотланган.

Ҳаёт экан, кимдир туғилади. Биров қайтади. Домланинг 80 ёшда чин дунёга қайтиш қилгани ҳақидаги гапни атайин айтмадим. Негаки, Эдвард Ртвеладзе минглаб шогирдлари, юртимиз ва халқаро илмий жамоатчилик қалбида мангу яшайди!

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири