ЮНЕСКОнинг Бангладешдаги Халқаро она тили институти томонидан эълон қилинган “Халқаро она тили мукофоти” танловининг “Она тилининг халқаро миқёсдаги тадқиқи” йўналишида ўзбек тилини антропоцентрик йўналишда тадқиқ қилаётган ЎзР ФA Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ёш тилшунос олими Ғулом Исмоилов олтин медалга лойиқ деб топилди.
16 июль куни мамлакатимиз билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш борасида Бангладеш Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазири Абул Калом Абдул Мўмин Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Заҳангир Алам ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Бангладеш давлати Ташқи ишлар вазири Абул Калом Абдул Мўмин танлов ғолиби Ғулом Исмоиловга Бангладеш ҳукумати номидан мукофот, яъни олтин медални тақдим қилди. Мазкур тадбирда ҳукуматимизнинг қатор ташкилотларидан вакиллар, жумладан, Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси раиси Мухтор Умаров, ҳукуматимиз Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби давлатларнинг вакиллари ҳам иштирок этишди.
Мукофот соҳиби Ғулом Исмоилов Бангладеш давлати Ташқи ишлар вазири Абул Калом Абдул Мўмин билан суҳбати чоғида Бангладеш давлатидаги Халқаро она тили институти, Замонавий тиллар институти ва бошқа хорижий тиллар билан боғлиқ олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш борасида таклифларини билдириб ўтди.
О.Бекмуродова, журналист