Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонлик талабалар ядро технологиялари бўйича халқаро тадбирда иштирок этди
10:09 / 2026-03-05

Яқинда Россиянинг Обнинск шаҳрида III Халқаро "Обнинск Тех" қишки мактаби ўз ишини якунлади.

Унда 47 та давлат ва 32 та олий таълим муассасасидан жами 128 нафар талаба иштирок этди. Дастур Обнинск атом энергетикаси институти (“ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университети филиали) негизида "Росатом" давлат корпорацияси кўмагида ташкил этилди. Ўзбекистондан мазкур тадбирда “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали талабалари қатнашди.

Сафар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги кўмагида амалга оширилди. 

Иштирокчилар бир ҳафта давомида кенг қамровли таълим дастурида фаоллик кўрсатди. Дастур доирасида дозиметрия, радиация назорати, АЭС учун электроника ва автоматика, 3D-моделлаштириш ҳамда материалшунослик йўналишлари бўйича маърузалар, мастер-класслар, лаборатория машғулотлари ва жамоавий лойиҳалар ташкил этилди. Шунингдек, ихтисослашган объектларга техник сафарлар ҳам уюштирилди. Жумладан, А.И. Лейпунский номидаги Физика-энергетика институти, "Росатом" Техника академияси, А.Ф. Цыб номидаги Тиббий радиология илмий маркази ҳамда бошқа ташкилотларга ташрифлар амалга оширилди. 

“ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали 4-босқич талабаси Имрон Машарипов қишки мактабда иштирок этиш унга касбининг амалий жиҳатларини янгича баҳолаш имконини берганини таъкидлади. 

- Обнинскка боришимдан олдин менда мустаҳкам назарий база мавжуд эди. Турли технологиялар қандай ишлашини тушунар, айрим қурилмалар қандай тузилганини тасаввур қилардим. Обнинскдан кейин эса нафақат тушунчам, балки қабул қилишим ҳам ўзгарди. Илгари схема ва формулалар кўринишида бўлган билимларим амалда ўз тасдиғини топди. Мен ҳақиқий қурилмаларни, уларнинг ишлаш жараёнини, соҳанинг инфратузилмасини кўрдим. Бу эса менга ишонч бағишлаб, жараёнларни янада яхлитроқ англаш имконини берди. Шунингдек, ИТЭР лойиҳасида Россия томонидан иштирок этаётган мутахассис билан учрашув ҳам эсда қолди. Мавзу мураккаб бўлишига қарамай, у термоядро реакциясининг асосий тамойилларини жуда тизимли ва тушунарли тарзда изоҳлаб берди. Мен шундан ҳайратда қолдимки, бундай мураккаб жараёнлар ҳақида ҳам чуқур ва бир вақтнинг ўзида содда қилиб гапириш мумкин экан. Ушбу маъруза термоядро энергетикаси истиқболларига янгича назар билан қарашимга туртки бўлди, - деди талаба. 

Иштирокчилар дастурнинг халқаро формати муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Уларнинг фикрича, турли мамлакатлар вакиллари бир майдонда учрашиб, биргаликда ишлаши таълимга бўлган турли ёндашувлар ҳамда ечимларни излашдаги усулларни кўришим конини беради. 

Мактаб доирасида жамоавий мусобақалар ва«ХакАтом» лойиҳа танлови ҳам ўтказилди. Ўзбекистонлик талабалар юқори тайёргарлик даражасини намоён этди. Хусусан, Артемий Ражапов ва Адибахон Абдуқодирова "Атом триатлони" мусобақасида II ўринни эгаллади. Шунингдек, Артемий Ражапов лойиҳа танлови совриндорлари қаторидан жой олди. 

"Обнинск Тех" халқаро мактаби “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университети ҳамда атом саноати корхоналари иштирокида ташкил этилаётган илмий-таълим марказини ривожлантириш доирасида ўтказилмоқда. Лойиҳа атом энергетикасини ривожлантираётган мамлакатлар учун мутахассислар тайёрлаш ва халқаро профессионал ҳамжамиятни шакллантиришга қаратилган. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА