Ўзбекистонлик Дениз Акин Буюк Британия экологик мутагенлари жамияти – UKEMS томонидан ташкил этилган анъанавий тақдимот намойишида энг яхши лойиҳа муаллифи сифатида эътироф этилди. Буюк Британиядаги экологик мутагенлар жамияти (UKEMS)нинг ҳар йили ўтказиладиган анъанавий конференцияси бу гал Харрогейт шаҳрида ташкил этилди.
Европа экологик мутагенлар жамияти (EEMGS)нинг Британиядаги бўлими - UKEMS 1977 йил ташкил этилган бўлиб, ДНКнинг зарарланиши ва атроф-муҳит, яъни кимёвий моддалар ёки радиация таъсирида ҳосил бўладиган мутация масалалари билан шуғулланувчи олимларга хизмат кўрсатувчи жамият ҳисобланади.
Мутаген ибораси ирсий ўзгаришга, яъни мутацияга олиб келадиган кимёвий ва физик омилларни англатади.
Мазкур соҳадаги фаолият мутагенез механизми ва ушбу ҳодиса оқибатининг академик таҳлили, шунингдек бу борадаги билимлардан фармацевтика, саноат ва қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган янги кимёвий моддаларни генотоксик таъсирга нисбатан тестдан ўтказиш жараёнида фойдаланиш каби жараёнларни ўз ичига олади.
Ҳар йили мунтазам равишда ўтказиладиган, уч кун давом этган ушбу нуфузли халқаро анжуманда, доимгидек, дунёнинг турли қитъаларидан етук, кучли мутахассислар ўз тақдимотлари билан қатнашди. Аҳамиятлиси, диёримизда ўсиб-улғайган қиз Дениз Акин йирик тадбирда жам бўлган илм-фан арбоблари, айнан шу соҳага ихтисослашган тажрибали олимлар, муайян илмий даражага эга инсонлар орасида ягона талаба-иштирокчи эди.
Акин бошланғич таълимни Тошкентдаги Улуғбек номли халқаро мактабда олган. 6-синфгача шу таълим даргоҳида ўқигач, таҳсилни Миробод туманидаги халқаро мактабда давом эттирди. 12 йиллик умумий таълимдан сўнг олий ўқув юртига кирди.
Ёшлигидан, мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ биомедицинага оид фанларга, айниқса, генетика йўналишига қизиққан Дениз 2019 йил Буюк Британиянинг “Brunel University London” олий таълим даргоҳи қошидаги халқаро коллежга, кейин эса университетнинг ўзига қабул қилинди. Бактериялар идентификацияси, биомедицина тести, ДНК ажралиб чиқиши, гель-электрофарез сингари соҳанинг муҳим ва асосий йўналишларини қунт билан ўрганди. Ўз назарий билимини лаборатория машғулотлари орқали чархлаб, амалиёт билан уйғунлаштириб борди.
2020 йил коронавирус пандемияси авжига чиққан паллада Дениз Акин Ўзбекистонга қайтиб, олий таълимни онлайн шаклда давом эттирди. Шу билан бир вақтда “Nobel Pharmaceuticals” Ўзбекистон-Туркия корхонасида ишлаб, ўзи танлаган йўналиш бўйича тажриба орттирди. Шунингдек, Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган “Myogen” генетик касалликлар ва диагностика марказидаги ҳамда фаолияти Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган “Hashar Week” компаниясидаги қисқа муддатли иш стажи ҳам талабанинг истеъдодли мутахассис бўлиб шаклланишига хизмат қилди.
Ниҳоят Денизнинг сафдошлари уч йиллик тинимсиз меҳнат, изланиш натижаси ўлароқ юзага келган рефератни UKEMS жамиятига топширишни маслаҳат беришди. Кутилмаганда ёш, тиришқоқ қизнинг иши нафақат ўта кучли танлов орқали сараланган тақдимот лойиҳалари рўйхатига киритилди, балки 44-UKEMS учрашувининг энг яхши умумий тақдимоти учун бериладиган махсус сертификатга муносиб кўрилди.
Таъкидлаш жоиз, Дениз биринчи марта мана шундай йирик, нуфузли тадбирда иштирок этди. Илк бор халқаро конференцияда ўз тажрибасини, лойиҳавий тақдимотини намойиш қилди. Ютуғи шунда эдики, талаба қиз нафақат аспирантлар, балки ушбу соҳада кўп йиллардан буён фаолият юритаётган олимлар, профессорлар, экспертлар билан мулоқотга киришиш имконига эга бўлди. Бошқача айтганда, анжуман қатнашчилари орасида илмий даражаси бўлмаган ягона иштирокчи айнан Акин эди.
Ушбу нуфузли анжуман ғолиблари қаторидан ўрин олиш нақадар қийин кечганини Дениз Акиннинг қуйидаги биргина эътирофи исботлайди:
– Тўғриси, мен – турли давлатлардан келган машҳур, номдор кишилар, соҳада донғи чиққан олимлар орасидаги ягона талаба қиз, намойишга қўйилган лойиҳаларнинг забардаст муаллифлари қаршисида, аввалига, жуда довдираб қолдим ва ҳаммасидан воз кечиб, чиқишимни бекор қилмоқчи ҳам бўлдим. Тақдимот бошланишига атиги 1 соат қолган эди. Шунда ногаҳон ортга йўл йўқлигини тушундим. Зеро, чекиниш мен учун шунчаки бир анжуманда қатнашишдан воз кечиш эмас, балки келажак фаолиятимга берилиши эҳтимол кучли зарба бўлишини англаб етдим. Қолаверса, ортимда мени ҳар қадамда қўллаб-қувватлаб турган жамоам, неча-неча устозларим турган эди. Уларни уялтириб қўйиш эмас, фахрлантириш бурчим эканлигини ҳис этдим.
Хуллас, иродали Дениз Акин бир ярим соатдан кўпроқ вақт давомида ер юзининг ўнлаб етук мутахассислари олдида ўзини йўқотмай, мағрур ҳолда бошини баланд тутиб, ишонч билан йиллар мобайнида тўплаган билими, кўникмаси жамланган дастурини намойиш этди.
Тақдимот тугади. Дениз енгил тин олди ва хаёлидан кечирди: “Хайрият, ҳаммаси ортда қолди. Қўлимдан келди-ку! Бу - менинг бугунги кунгача эришган ютуқларим орасида энг зўри!”
Аслида, асосий ютуқ, аниқроғи ғалаба ҳали олдинда эди. Тадбирнинг охирги куни, якуний кечки зиёфат чоғида Ўзбекистондан борган ёш талаба-олим Дениз Акиннинг чиқиши, муаллифнинг ўзи ҳам мутлақо кутмаган ҳолда, ҳакамлар ҳайъати томонидан “Энг яхши тақдимот”, дея тан олинди. Шу тариқа юртдошимиз лойиҳа тарихидаги энг ёш ғолиб сифатида эътироф этилди.
Айни пайт Акин генетик токсикология ва фото хавфсизлик бўлимида ишлайди. Генетик токсикология соҳаси муайян кимёвий модда мутация ҳодисасини ёки хромосома шикастланишини келтириб чиқарадими ёки йўқми, деган саволга жавоб излайди.
Талабанинг бу галги тадқиқоти оддий фармацевтик препаратлар таркибидаги аралашмалар таҳлилига бағишланди. Ҳозирги вақтда бу мавзу илмий жамоатчилик орасида жуда оммавий ва долзарб саналади. Аралашмаларнинг мутация ҳосил қилиш эҳтимолий даражасини аниқлаш учун у «in vivo Pig-A», «Micronucleus» ва сичқон лимфомаси - «in vitro» тестларидан фойдаланди.
Лондондаги Брунель университетида "Биотиббиёт фанлари, генетика" мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган Дениз ҳозир охирги, учинчи босқич талабаси ҳисобланади. Мазкур олий ўқув даргоҳини тугатгач, у саратон генетикаси бўйича ихтисосликка эга бўлиш мақсадида фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун ҳаракат бошламоқчи.
– Мени балоғатга етказган Ўзбекистон заминидан миннатдорман, – дея қувончини баҳам кўради Дениз. – Тошкент руҳиятимда бағрикенглик, атрофдагиларга ҳурмат, садоқат сингари кўплаб хислатлар шаклланишига замин яратган. Айнан шу жиҳатлар хусусиятимда устувор. Бу маданият қачон, қаерда бўлмай, мен билан. Зеро, айнан юксак инсоний фазилатларгина инсонга, жумладан, менга ҳам улуғ мақсадларимга эришишда қанот бўлғуси.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА