Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонлик таҳлилчилар Францияда навбатдаги учрашувни ўтказишди
13:38 / 2022-11-16

Париж шаҳрида Ўзбекистон таҳлил марказлари делегацияси Франциянинг нуфузли Халқаро ва стратегик муносабатлар институти (IRIS) президенти Паскаль Бонифас билан учрашди.

Марказий Осиё халқаро институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги ижобий ўзгаришлар тўғрисида фикр алмашилди.

“IRIS” институти раҳбарига Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий қоидалари, Президентимизнинг Марказий Осиё ва қўшни минтақалар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари ҳақида маълумот берилди.

Паскаль Бонифас мамлакатимиз раҳбарининг икки давлатни янада яқинлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. 

Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг Францияга 2018 йилдаги расмий ташрифи натижасида эришилган келишувлар сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий ва гуманитар алмашинувни кучайтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Учрашув якуни бўйича иштирокчилар институтлар учун устувор ҳисобланган йўналишлар бўйича яқин илмий-тадқиқот жараёнини йўлга қўйиш, биргаликда мунтазам равишда тадбирлар ўтказишга келишиб олдилар.

Геосиёсий ва стратегик масалалар бўйича тадқиқот олиб боришга ихтисослашган етакчи француз таҳлил маркази бўлмиш “IRIS” Франциядаги ҳам илмий марказ, ҳам диплом берувчи таълим муассасасини бирлаштирган ягона таҳлил институтидир.

Умумий рейтингда “IRIS” 53 француз таҳлил маркази орасида 8-ўринни эгаллайди, беш рамзий юлдуздан тўрттасига эгалик қилди. Бошқарув мезони бўйича 3-ўринни, шаффофлик мезонига кўра  12-ўрин банд этган.

Ғ.Хонназаров,

ЎзА